БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк Исроил ҳукуматининг Ғазо секторида тўлиқ ҳарбий босиб олиш режасини зудлик билан тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда хорижий ОАВга таянган ҳолда Report нашри хабар берди.
«Ғазо шаҳрини назоратга олиш ва бир пайтда гуманитар ёрдамни жанглардан ташқари ҳудудларда тарқатиш режаси Халқаро суд қарорига зид келади», — деди Тюрк.
Унга кўра, Исроил ҳарбий операциялар ўрнига секторга тўлиқ ва тўсиқсиз гуманитар ёрдам етказилишини таъминлаши шарт, фаластинлик қуролли гуруҳлар эса гаровдагиларни шартсиз равишда озод этиши лозим.