БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк Эроннинг Миноб туманидаги мактаб бомбаланиши оқибатида 160 дан зиёд ўқувчи ҳалок бўлиши ҳолатини тезкорлик билан, холис ва ҳаққоний тарзда тафтиш этишни талаб қилди.
«Ҳужумни амалга оширганлар тергов-текширувга ҳам масъулдирлар. Биз уларни текширув натижаларини жамоатчиликка эълон қилиш, айбдорларни жазолаш ва қурбонларга товон пули тўлашга чақирамиз», – деган БМТ олий комиссарининг матбуот котиби Равина Шамдасани.
Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар АҚШ ва Исроил томонидан Эронга қарши бошланган ҳарбий ҳаракатлар тинч аҳоли ва фуқаровий инфратузилмаларга ҳам дахл қилаётганидан хавотир билдириб, халқаро гуманитар ҳуқуққа риоя этиш лозимлигини эслатган.
Миноб туманидаги «Шажарайи Тоййиба» мактаби АҚШ ва Исроил Эронга қарши уруш бошлаган 28 февраль куни бомбардимон қилинган эди. Айни дарс вақти уюштирилган ҳужум оқибатида камида 160 дан зиёд ўқувчи ва ўқитувчилар ҳалок бўлган, мактаб биноси эса бутунлай вайрон бўлган.
Эрон давлат матбуоти АҚШ ва Исроил амалга оширган ҳужумда 7-12 ёш оралиғидаги 180 га яқин ўқувчи қиз ҳалок бўлгани, яна ўнлаб бола жароҳатланганин маълум қилган.
ЮНЕСКО ҳодисани халқаро гуманитар ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилиши деб қоралаган.
АҚШ мудофаа вазири журналистларнинг мактабда кўп сонли болалар ўлдирилиши юзасидан берган саволига жавобан Америка армияси «фуқаровий объектларга ҳеч қачон зарба бермаслиги», ҳодиса текширилаётганини айтган.