БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш АҚШ президенти Дональд Трампнинг Ғазо секторидаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш режасини қўллаб-қувватлади ва уни амалга оширишга чақирди, деб ёзади “Известия”.
“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Фаластин, Исроил ва бутун минтақа халқлари учун тинчлик, барқарорлик ва ёрқин келажакка ҳисса қўшадиган ҳар қандай саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга қатъий содиқдир”, — деб ёзди Бош котиб Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Гутерриш, шунингдек, араб ва мусулмон давлатларининг тинчлик ва оташкесимга эришишдаги муҳим ролини таъкидлади.
“Барча томонлар келишув мажбуриятларини ўз зиммаларига олишлари ва уни амалга оширишлари ниҳоятда муҳим”, — деди у.
Эслатиб ўтамиз, Оқ уй томонидан 29 сентябрда тақдим этилган ҳужжат 20 банддан иборат. Унда Исроил қўшинларини Ғазодан олиб чиқиб кетиш ва жанговар ҳаракатлар тўхтатилиши эвазига гаровга олинганларни озод қилиш кўзда тутилган. Шартнома тасдиқланганидан кейин шартларни бажариш учун 72 соат вақт берилади.