БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссари бошқармаси (БМТ ҚБОКБ) молиялаштириш тақчиллиги туфайли қарийб 8,3 миллион қочқин ва мажбуран кўчирилган шахс зарур ёрдамдан маҳрум бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Ташкилот маълумотларига кўра, 2026 йил учун талаб этилган 8,505 миллиард доллар маблағнинг июль ойига қадар фақат 32 фоизи жалб қилинган. Молиявий тақчиллик 5,789 миллиард долларни ташкил этмоқда.
Маблағ етишмаслиги сабабли қочқинларни рўйхатга олиш, болаларни ҳимоя қилиш ва гендер зўравонлиги жабрдийдаларига ёрдам кўрсатиш дастурлари қисқартирилган.
Энг оғир вазият Чад, Судан ва Афғонистонда кузатилмоқда. Чадда 319 минг кишини рўйхатга олиш кечиккан, 200 минг нафар аёл ва қизлар бошпаналардан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлиши мумкин. Суданда қарийб 140 минг қочқин рўйхатдан ўтказилмаган. Афғонистонда эса тўловлар икки баравардан кўпроқ қисқартирилган.
БМТ ҚБОКБ харажатларни яна қисқартириш молиялаштиришдаги танқисликни қоплай олмаслигини билдирган. Ташкилот 2025 йилга келиб ходимлар сонини 33 фоизга қисқартирган, 140 та шаҳар ва ҳудуддаги офисларини ёпган ҳамда 15 мамлакатдаги фаолиятини тўхтатган.