Бугун 7 июнь, 2025 йил, шанба

O'ZB

Биринчи Президент мактаби қаерда ташкил этилиши маълум қилинди

A A A
Биринчи Президент мактаби қаерда ташкил этилиши маълум қилинди

Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида Президент мактаблари ташкил этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда эълон қилди.

Мамлакатимизни янги тараққиёт босқичига кўтаришни ўз олдимизга устувор вазифа қилиб қўйган эканмиз, буни амалга ошириш учун бизга, энг аввало, янги авлод кадрлари керак. Ана шундай юксак салоҳиятли кадрларни тарбиялаш мақсадида юртимизнинг ҳар бир ҳудудида биттадан янги типдаги мактаблар - Президент мактабларини ташкил этишни режалаштирганмиз”, - деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг айтишича, Президентимизнинг ташаббусига кўра биринчи мактаб Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида ташкил этилади. Президент мактаблари босқичма-босқич мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам очилади.

Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда. 

“Президент мактабларининг асосий мақсади мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятида иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларнинг ривожланишига керакли шароитлар яратишдир”, - деди Халқ таълими вазири. Унинг сўзларига кўра, мазкур мактаб битирувчилари келажакда мамлакатимиз ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшишлари керак.

Вазирнинг айтишича, Президент мактаблари STEAM (Science (фан), Technology (технология), Engineering (муҳандислик), Art (санъат) ва Mathematics (математика)) фанларини ўқитишга ихтисослашган бўлади.

Яъни, Президент мактабларида ёшларга математика, физика, кимё, биология ва ахборот технологиялари ҳамда хорижий тиллар илғор таълим методологиялари асосида чуқур ўргатилади.

“Президент мактабларида ўқувчиларни танлаш ва таълим сифатини таъминлаш учун уларни хорижлик мутахассислар бошқарадилар. Шу билан бирга, мактабга малакали хорижлик ҳамда маҳаллий педагоглар жалб этиладилар ва уларнинг фаолиятига керакли шарт-шароитлар яратилади”, - деди Шерматов.

Вазирнинг қайд этишича, ҳозирда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан Президент мактаблари фаолияти ва ўқувчиларни қабул қилиш масалаларини тартибга солувчи керакли меъёрий ҳужжатларни тайёрлаш бўйича ишлар бошланди. Бу ҳужжатлар ўқувчиларга қўйиладиган талаблар ва қабул қилиш жараёнини белгилаб беради.

Вазир хорижлик мутахассислар ва хорижда ишлаётган юртдошларимизни ушбу лойиҳада иштирок этишга чақирган.

Xs.uz

Киритилди: 12:30 19.11.2018. Ўқилди: 11904 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!