Бельгиядаги Юқори Фенн табиат қўриқхонасидаги ёнғин тарқалишда давом этмоқда. Ёнғин фронти Германия чегарасидан тахминан 3 км узоқликда.
Чегара яқинидаги Моншау шаҳрида вазият ёмонлашиши мумкин. Кучли тутун хавфи туфайли яқин ҳудудлар аҳолисига яқинлари олдига кўчиб ўтиш тавсия қилинган. Эвакуация қилинганлар учун вақтинчалик жойлаштириш пунктлари ҳам ташкил этилган.
Бельгия ҳукумати Кюхельшайд аҳолисини эвакуация қилишга қарор қилди. Сурброд ва Бютгенбах жамоаларининг тахминан 600 нафар аҳолисига ҳам эвакуация тавсия этилди.
Расмий маълумотларга кўра, ёнғин аллақачон 3000 гектардан ортиқ ҳудудни йўқ қилган ва бу Бельгия тарихидаги энг йирик ўрмон ёнғини ҳисобланмоқда.