Лукашенко янги тизим 2 км гача масофадаги дронларни йўқ қила олишини айтди.
Президент Александр Лукашенко Беларусда учувчисиз қурилмаларга қарши курашиш учун лазер комплекси ишлаб чиқилганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, тизим дронларни 1,5–2 километр масофагача йўқ қила олади.
“Бизникилар қандайдир лазер ихтиро қилишди… Анча самарали, мудофаа вазири айтишича, у 1,5–2 километр масофада учувчисиз қурилмани куйдириб юборади”, — деди Лукашенко.
У, шунингдек, дронларга қарши кураш барча давлатлар учун долзарб вазифа бўлиб қолаётганини, шу билан бирга ҳеч бир тизим юз фоизлик ҳимояни таъминлай олмаслигини таъкидлади.
Лукашенко замонавий дронлар радиоэлектрон кураш воситаларини айланиб ўтиши мумкинлигини, бу эса уларни аниқлаш ва тутиб қолишни мураккаблаштиришини ҳам қайд этди.
Аввалроқ Беларусда синовдан ўтказилган “Шафран” номли лазер комплекси ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берилганди.