Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати Бекобод шаҳридаги 15-сонли мактабгача таълим муассасасида содир бўлган ҳолат юзасидан баёнот билан чиқди.
Қайд этилишича, бугун соат 09:30ларда Бекобод шаҳридаги 15-сонли мактабгача таълим муассасасининг тарбиячилари 2 нафар тарбияланувчи ўзини нохуш ҳис қилаётганини сезишган.
Зудлик билан болалар мутахассис шифокор кўригидан ўтказилган. Тиббий текширув давомида, уларга овқатдан заҳарланиш тўғрисидаги дастлабки ташхис қўйилган.
Ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида, муассасанинг қолган барча тарбияланувчилари тиббий текширувдан ўтказилган. Текширув мобайнида яна 9 нафар болада овқатдан заҳарланиш эҳтимоли аниқланган. Айни пайтда улар шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган.
Ҳозирда болаларнинг аҳволи қониқарли, вазият шифокорларнинг қатъий назорати остида.
Мазкур ҳолат бўйича ички ишлар ва прокуратура идоралари томонидан тегишли текширув ишлари олиб борилмоқда.