Бугун 28 июнь, 2024 йил, жума

O'ZB

«Бахти Ташкентский» судини ёритаётган журналист ИИБга чақирилди

«Бахти Ташкентский» судини ёритаётган журналист ИИБга чақирилди

Ўзбекистонда “қонундаги ўғри — Бахти Ташкентский” мақомини олган Бахтиёр Қудратуллаев ва 36 нафар айбланувчи бўйича бошланган суд мажлисини ёритиб бораётган “Дарё” журналисти ИИБга чақирилди. “Кўча” судига раислик қилаётган судья Толибжон Обидов журналист устидан шикоят қилгани айтилмоқда.

Бугун, 2024 йилнинг 22 июнь куни Юнусобод туман ИИО ФМБ 3-сонли ИИБ 405-сонли таянч пунктига чақирилган журналистдан тушунтириш хати олинган.

Журналист билан мулоқот қилган профилактика катта инспектори, подполковник Хайрулла Дўстов унга 2024 йилнинг 3 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди биносидаги очиқ судда янграган маълумотни сайтда ёритгани учун гумонланувчи саналаётганини билдирган. Шу сабаб ЖИБ Шайхонтоҳур туман суди раиси Толибжон Обидов томонидан тақдимнома киритилганини айтган. Аммо гумонланувчи сифатида ИИБга чақирилган журналист шикоят нусхаси билан таништирилмаган.

«Бахти Ташкентский» судини ёритаётган журналист ИИБга чақирилди

Фото: “Дарё”

“Хўш, нима айб қилдим? Қайси ишим хато?”, деган саволни берган журналист профилактика инспекторидан “Ўша кунги судда видео олиб, уни ижтимоий тармоқларда тарқатганингиз учун”, деган жавобни берган. Шунингдек, ИИБ ходимлари журналист олиб чиққан маълумот хорижий ОАВда чиқиб кетганини айтган.

“Дарё” журналисти Отабек Қўлдошев 2024 йилнинг 3 июнь куни Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Абидов томонидан очиқ суд дейилган судда қатнашиб, судья саволларига жавоб берган Бахтиёр Қудратуллаевнинг қамоқдан чиққанидан сўнг, давлат ташкилоти вакиллари унга алоқага чиқиб, мамлакатда ёшлар, спортчилар орасида пичоқбозлик кўпайиб кетаётгани учун “кўча”ни тартибга солишни сўраганини айтганини ёзганди. Таҳририят бу гапларнинг исботи сифатида суд жараёнида тасвирга олинган видеони ҳам эълон қилганди.

ИИБ ходимининг билдиришича, судья ўз шикоятида 3 июнь куни бўлиб ўтган суд мажлисида ОАВ вакилларига мурожаат қилиб, суд терговига халал берувчи маълумотларни очиқлаш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантирган.

“Дарё” журналистининг қўшимча қилишича, ҳақиқатан ҳам ўша судда суд терговига халал берувчи маълумотларни очиқлаш мумкин эмаслиги таъкидланган. Бироқ судья суд терговига халал берувчи маълумотлар айнан нималардан иборатлигига аниқлик киритмаган. Шунингдек, судья ёрдамчилари яна бир журналист “Узнеwс.уз” мухбирини суд мажлисига ҳам олиб кириб, судья билан юзлаштирган. Судья Толибжон Обидов журналистга судда кўрсатма берган жабрланувчининг юзини кўрсатгани, гапларини оммага ошкор қилгани учун огоҳлантирган. Бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдимнома киритилишини айтган. Судья ёрдамчилари эса барча ОАВ вакилларини залдан чиқариб, уларнинг телефонини текширмоқчилигини айтган. Жумладан, “Дарё” журналистининг ҳам. Журналист бунга асос талаб қилган. Шундан сўнг судья ёрдамчилари телефонни титиш фикридан қайтган ҳамда журналистлардан жабрланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини ёритмасликни талаб қилган.

Улар журналистларнинг “Судланувчиларнинг гапларини берсак бўладими”, деган саволига эса бунга қаршилик йўқлигини айтишган. Шундан сўнг “Дарё”да мазкур суд мажлисидаги судланувчиларнинг кўрсатмаларидан иборат бир нечта хабарлар эълон қилинган. Судья ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга шикоят қилаётганда сайтнинг бошқа материалларига эътироз қилмаган. Сайтдаги хабарда Бахтиёр Қудратуллаевнинг исм-шарифи очиқлангани суд терговига халал берганми ёки унинг айтган гапларими деган савол туғилади. Бироқ жавоби аниқ эмас, ҳолбуки Бахтиёр Қудратуллаевнинг исм-шарифи очиқланиши, расмининг оммага эълон қилиниши билан боғлиқ ҳолатлар нафақат “Дарё”да, барча сайтларда, шунингдек, Олий суд ва ИИВ ахборот хизматлари берган хабарларда ҳам учрайди.

Дарвоқе, “Бахти Ташкентский” мақомини олган Бахтиёр Қудратуллаев ва 36 нафар айбланувчи бўйича бошланган суднинг 2024 йил 10 июнь куни давом этган мажлисида журналистларнинг видео ҳамда аудиомаълумотлар олишига чек қўйилди. Бу ҳақда суд раисининг ажрими ҳам чиқарилди. Судьялар олий кенгаши ахборот хизмати бу ҳолатни изоҳлаб, суднинг мазкур ажрими суд мажлисида журналист ва блогерларнинг иштирокини узил-кесил тақиқламаслигини, улар жараённи бевосита кузатиши, ўзлари учун зарур қайдлар қилиб бориши ҳамда турли башорат ва тахминларга берилмаган ҳолда ахборотлар эълон қилиши мумкинлигини ёзиб чиқди. Шундай бўлса-да, аксарият журналистлар бу каби тақиқлардан сўнг мазкур суд жараёнида қатнашишдан бош торта бошлади. Айнан “Дарё” журналисти ҳам.

2024 йилнинг 21 июнь куни эса “Дарё” журналистини дабдурустдан ИИБ ходими излай бошлади. Ваҳоланки, бу хабар “Дарё” интернет нашрида эълон қилинган ва бу хабарнинг эгаси тўғридан тўғри сайт ҳисобланади — айнан бир нафар журналист эмас. 22 июнь куни эса журналист ИИБга чақирилиб, устидан ёзилган шикоят аризаси билан таништирилмаган ҳолда тушунтириш хати ёздириб олинди.

Президент Шавкат Мирзиёев журналистлар ҳақида гапирар экан “Мен ҳақиқат ва адолатни ўз эътиқоди деб биладиган барча журналистларни, ислоҳотларнинг фаол иштирокчилари деб биламан ва улар ҳамиша президент ҳимоясида бўлади”, дея ОАВ вакилларини эътироф этиб, журналистлар билан суҳбатлашганда куч оламан, деб турган пайтда судьяларнинг очиқ суд мажлисларида қатнашиб, жамоатчиликка муҳим бўлган суд ишларини ёритган журналистларга бундай муносабатда бўлиши қанчалик тўғри? Шуни ёддан чиқармаслик керакки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам шунингдек, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги қонунларда ҳам ОАВ вакилларининг эркин ахборот олиши ва тарқатиши кафолатланган.

Киритилди: 14:13 23.06.2024. Ўқилди: 1762 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!