«Барселона» 16 ёшли бразилиялик қанот ҳужумчиси Габриэль Вененога қизиқиш билдирмоқда. Испания матбуоти уни аллақачон “янги Неймар” деб аташни бошлаган, деб хабар берди Sports.kz.
Футболчи «Атлетико Минейро» клубига тегишли бўлиб, Бразилиянинг энг истеъдодли ёш ўйинчиларидан бири ҳисобланади. AS нашри маълумотига кўра, бразилиялик клуб унинг трансфери учун тахминан 20 миллион евро ва бонуслар талаб қилмоқда.
Қайд этилишича, каталонияликлар Вененонинг ривожланишини яқиндан кузатиб бормоқда ва бошқа клублардан олдинроқ уни қўлга киритишни истайди. Бироқ футболчининг ёши муаммо бўлиши мумкин — ФИФА қоидаларига кўра, «Барселона» уни 18 ёшга тўлмагунча рўйхатдан ўтказа олмайди.
Испания оммавий ахборот воситалари Вененонинг майдондаги позицияси Ламин Ямал билан бир хил эканини ҳам таъкидламоқда.
Молиявий қийинчиликларга қарамай, «Барселона» трансфер бозорида фаол иш олиб боришда давом этмоқда ва келажак учун ёш истеъдодларни изламоқда.