Мажбурий ижро бюроси Наманган вилоят бошқармаси томонидан суд қарорлари ижросини таъминлаш, қонун устуворлигини амалда қарор топтириш мақсадида навбатдаги амалий ҳаракатлар олиб борилди.
Жумладан, бошқарманинг алоҳида муҳим ижро ишларини ижро этиш шўъбаси инспекторлари томонидан суднинг ҳал қилув қарори ижросини таъминлаш доирасида қарздорга нисбатан белгиланган тартибда мажбурий ижро чоралари қўлланилди.
Суд қарорига асосан, қарздордан «Бизнесни ривожлантириш банки» фойдасига 2 миллиард сўмдан ортиқ қарздорликни ундириш белгиланган. Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида қарздорга тегишли бўлган гаровда турган юк автомашинаси (фура) хатланиб, қонунчиликда белгиланган тартибда расмийлаштирилди.
Мазкур ижро ҳаракатлари давомида мол-мулкнинг сақланиши, унинг қиймати ва кейинчалик ундириш жараёнида қонуний тартибда реализация қилиниши учун барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Айни пайтда қарздорликни тўлиқ ундириш, суд қарорининг ўз вақтида ва сўзсиз ижросини таъминлаш бўйича ижро ҳаракатлари изчил давом эттирилмоқда.