Бангладеш ҳукумати халқаро ҳамжамиятнинг танқидлари ва огоҳлантиришларига қарамай, мусулмон роҳинжаларни яшаш учун хавфсиз ҳисобланмайдиган оролга кўчиришни бошлади.
“Евроньюс”нинг хабар беришича, 600 дан зиёд қочқин Бхасан Чар деб аталувчи оролга жўнатилган. Авваллари ҳеч ким яшамаган бу оролда 112 миллион долларга лагер барпо этилди. Соҳилдан 34 километр узоқликдаги орол бундан йигирма йил муқаддам пайдо бўлган, кучли ёғингарчилик пайтида уни сув босади. Бхасан Чарга 100 минг роҳинжани жойлаштириш режалаштирилган.
Мьянмадаги қирғиндан қочган роҳинжалар энди табиий офатларга дуч келиши мумкин. Улар 2017 йилнинг августида Мьянма армияси ва радикал буддавийларнинг ҳужумига учраган эди. Шундан сўнг 700 мингдан зиёд роҳинжа Бангладешга қочиб келди ва бу ердаги қочқин роҳинжаларнинг сони олдин келганлар билан қўшиб ҳисоблаганда 1 миллиондан ошиб кетди.