Бангкокда ҳаво ҳарорати 39℃га етди, аммо намлик ва об-ҳаво шароити туфайли у 52℃дек ҳис қилинмоқда. Бу ҳақда Bangkok Post хабар берди.
Таиланд пойтахти ҳокимияти аҳолини кундузи кўчага чиқмасликка чақирди. Қайд этилишича, мавсум бошидан бери илк бор об-ҳаво «ўта хавфли» даражага етган деб баҳоланмоқда.
Жазирамага юқори намлик, шунингдек ёмғир ва момақалдироқли ҳаво қўшимча таъсир кўрсатмоқда. Шу сабабли реал ҳароратдан анча юқори ҳис қилиниши кузатилмоқда.
Бу ҳолат айниқса 5 ёшгача бўлган болалар, 60 ёшдан ошган қариялар, ҳомиладор аёллар, ортиқча вазнли инсонлар ҳамда кўп вақтни очиқ ҳавода ўтказадиганлар — спортчилар ва сайёҳлар учун хавфли ҳисобланади.
Шунингдек, аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида шаҳар бўйлаб ўнлаб совитиш пунктлари ташкил этилган.