БАА Ташқи ишлар вазирлиги Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху мамлакатга яширинча ташриф буюргани ҳақидаги маълумотни рад этди. Бу ҳақда вазирлик Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Абу-Даби Исроил билан муносабатлар Иброҳим битимлари доирасида ривожланаётганини ва "эълон қилинмаган ташрифлар ёки келишувлар ҳақидаги ҳар қандай даъволар мутлақо асоссиз" эканини таъкидлади.
Аввалроқ Исроил бош вазири идораси Х ижтимоий тармоғида Нетаняху яширинча БААга ташриф буюргани ва мамлакат президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашгани ҳақида хабар берган эди.
Хабарда таъкидланишича, ташриф "Бўриллаган шер" операцияси қизғин паллада" бўлиб ўтган. Нетаняхунинг идораси сафар Исроил ва БАА ўртасидаги муносабатларда "тарихий бурилиш"га олиб келганини айтди.