Компания ўтган ҳафта АҚШ федерал агентликлари ва "Беш кўз" (Five Eyes) разведка альянси аъзолари учун киберхавфсизлик соҳасидаги янги маҳсулоти юзасидан брифинг ўтказди.
Тақдимот доирасида OpenAI ўзининг флагман моделининг киберхавфсизлик учун махсус оптималлаштирилган версияси – GPT-5.4-Cyber имкониятларини намойиш этди. Мазкур модел киберҳужумлардан ҳимояланиш ва хавфсизлик тизимларини мустаҳкамлашга қаратилган. Разведка маълумотларини алмашиш тармоғига аъзо давлатлар – АҚШ, Буюк Британия, Канада, Австралия ва Янги Зеландия ушбу моделдан фойдаланиш учун рўйхатдан ўтказилмоқда.
Сэм Альтман бошчилигидаги компаниянинг маълум қилишича, GPT-5.4-Cyber дастлаб чекланган доирада — фақат текширувдан ўтган хавфсизлик таъминотчилари ва тадқиқотчилар учун очиқ бўлади. Бу соҳада OpenAI’нинг асосий рақобатчиси Anthropic ҳам яқинда ўз лойиҳасини эълон қилган эди.