Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароғчи Покистон Қуролли кучлари бошлиғи Осим Мунир билан учрашувда Теҳроннинг АҚШ ва Исроил билан урушни тугатиш бўйича позициясини маълум қилди. Учрашувда томонлар сулҳ масаласи, Эронга қарши АҚШ–Исроил уруши билан боғлиқ сўнгги вазият ва минтақада тинчликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди. Осим Мунир Покистоннинг воситачилик ҳаракатларини давом эттиришга тайёрлигини билдириб, Теҳрон ишончи учун миннатдорлик билдирди. Маълум қилинишича, Аббос Ароғчи 24 апрелдан буён расмий ташриф билан Покистонда бўлиб, қатор юқори лавозимли шахслар билан учрашмоқда. Аввалроқ 28 феврал куни АҚШ ва Исроил Эронга қарши ҳарбий операция бошлагани, бу эса Яқин Шарқда кескинликни кучайтиргани маълум қилинган. Шунингдек, апрел ойида Исламободда Эрон ва АҚШ ўртасида музокаралар ўтказилган, бироқ томонлар якуний келишувга эриша олмаган.