Москвага Еревандан Россиянинг Гюмридаги ҳарбий базасини олиб чиқиш ҳақида мурожаат келиб тушмаган. Россия ҳали ҳам мазкур базани Арманистон ва Жанубий Кавказ хавфсизлигининг муҳим элементи деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин «Известия» нашрига маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Россиянинг Арманистон ҳудудидаги ҳарбий ҳузури масаласи мамлакат ичида фаол муҳокама қилинмоқда. Бироқ Москва ҳозирча унга амалий муқобил вариантни кўрмаяпти.
«Кўпчилик мутлақо асосли равишда: муқобил вариант қандай бўлади, деган саволни бермоқда. Бугунги кунда, бизнингча, бундай муқобил кўринмаяпти. Очиғини айтганда, масалан, француз ҳарбийларини бу ўринда тасаввур қилиш қийин. Ҳеч бўлмаганда, Франциянинг Арманистондан географик жиҳатдан узоқлиги сабабли», — деди Галузин.
Унинг қўшимча қилишича, Россия мудофаа ва хавфсизлик соҳасида Арманистон билан ҳамкорликни давом эттириш масаласини муҳокама қилишга тайёр.
Аввалроқ мухолифатдаги «Арманистон» блоки депутати Ишхан Сагателян Никол Пашинян ҳукумати Гюмридаги Россия ҳарбий базасини чиқаришга ҳаракат қилиши, унинг ўрнига эса бошқа хорижий ҳарбий кучларни жалб қилиши мумкинлигини айтган эди.
Бунга Россия президенти Владимир Путиннинг баёноти сабаб бўлган. ШҲТ саммити доирасида Путин, агар Арманистон ўз ҳудудида Россия ҳарбийларини кўришни истамаса, Москва уларни «ҳатто эртагаёқ» олиб чиқишга тайёрлигини айтган.