Ҳозирда Эрон ва Қўшма Штатлар ўртасида расмий музокаралар жараёни мавжуд эмас, аммо хабар алмашиш давом этмоқда.
Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи Al Mayadeen телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
"Икки кеча олдин биз Америка томонига Байрутга ҳужумнинг олдини олиш зарурлиги ҳақида хабарлар юбордик. Бизнинг алоқаларимиз узилмаган, аммо сўнгги бир неча кун ичида музокараларда сезиларли ютуқларга эришмадик. Агар шароитлар қулай бўлса, музокаралар қайта бошланади", деди у.
Арағчи шунингдек, Теҳрон урушни давом эттириши мумкинлигини, аммо буни хоҳламаслигини таъкидлади.
"Биз урушни давом эттиришга тайёрмиз - ҳам ҳарбий куч, ҳам миллий бирлик ва тажовузга қарши туриш иродаси нуқтаи назаридан. Бизда урушни зарур бўлган вақтгача давом эттириш учун етарли куч бор, аммо бу биз урушни хоҳлаётганимизни англатмайди. Биз ҳеч қачон уруш изламаганмиз ва бу урушни биз бошламаганмиз", деб қўшимча қилди Эрон ташқи ишлар вазири.