Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги Подшоҳ Холид халқаро аэропорти фаолияти ҳусийлар ҳужумлари ортидан 17 октябргача тўхтатиб турилади. Мамлакат ҳукуматининг авиация хавфсизлигини таъминлаш чоралари доирасида аэропортда текширувлар давом этмоқда.
Саудия Арабистони Фуқаролик авиацияси бош бошқармаси 12 октябрь куни аэропорт фаолиятини тўхтатиб туриш муддати узайтирилганини маълум қилди.
Reuters агентлигининг хабар беришича, парвозлар хавфсизлигига оид NOTAM билдиришномасида аэропортнинг 17 октябрь куни соат 21:00 гача ёпиқ қолиши кўрсатилган. Бу Тошкент вақти билан 18 октябрь куни соат 02:00 га тўғри келади.
Аэропортдаги фаолият 10 октябрь куни содир бўлган ҳужумдан кейин тўхтатилган. Саудия расмийларига кўра, ушбу ҳодисада 13 киши ҳалок бўлган, 300 дан ортиқ одам жароҳатланган. 11 октябрь куни эса аэропортнинг 4-терминалига яна бир номаълум снаряд тушган. Бу ҳодисада бир киши ҳалок бўлган, 11 киши жароҳатланган.
Саудия Арабистони энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон мамлакатга қарши ҳужумларга жавоб ҳам жиддий бўлишини таъкидлади.
Аэропорт фаолиятининг тўхтатилиши халқаро авиақатновларга ҳам таъсир кўрсатди. Қатор авиакомпаниялар Ар-Риёдга ва у ердан амалга ошириладиган рейсларни бекор қилди.