Бугун АҚШнинг миграция қонунчилигини бузгани учун депортация қилинган 26 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган чартер рейс Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди. Бу ҳақда «Дунё» агентлиги хабар берди.
Ватандошларнинг қайтарилиши Ўзбекистон ва АҚШнинг тегишли идоралари мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари натижасида амалга оширилди.
Икки томонлама ҳамкорлик доирасида фуқароларнинг шахсини аниқлаш, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ва уларнинг хавфсиз олиб келинишини таъминлаш каби барча зарур ташкилий ва ҳуқуқий тартиб-таомиллар тезкорлик билан келишиб олинди.
Ўзбекистон миграция соҳасида хорижий шериклар билан ҳамкорликни доимий равишда ривожлантириб, миграция қонунчилиги бузилишининг олдини олишга, шунингдек, чет элдаги ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда, дейилади хабарда.
Аввалроқ Австрия ноқонуний мигрантларни Ўзбекистон орқали депортация қилмоқчи экани хабар берилганди.