АҚШнинг Пенсилвания штатида қуролли ҳужум оқибатида 3 нафар полициячи ҳалок бўлди, яна иккиси оғир яраланди.
The New York Times газетасининг ёзишича, ҳодиса Йорк округида маҳаллий вақт билан соат 14:10 да содир бўлган.
Расмий маълумотларга кўра, қишлоқда тергов олиб бораётган полиция ходимларига қарата ўқ узилган. Ҳужумчи ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўққа тутилган ҳолда зарарсизлантирилган.
Жароҳатланган икки полициячи маҳаллий шифохонага етказилган. Улар аҳволи оғир деб баҳоланиб, шифокорлар назорати остида қолмоқда.
АҚШ Бош прокурори Пам Бонди ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) ходимлари маҳаллий полицияга кўмак бериш учун воқеа жойига етганини маълум қилди. Ҳужум ҳолатлари юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.