АҚШнинг шимоли-шарқий қисмига ёпирилган кучли қор бўрони туфайли 2 000 дан ортиқ авиарейс бекор қилинди, камида 700 та рейс кечиктирилди. Бу ҳақда FlightAware онлайн хизмати маълум қилди.
Маълумотларга кўра, кун давомида АҚШ ичида, мамлакатга ёки мамлакатдан амалга оширилиши режалаштирилган 2 026 та рейс бекор қилинган.
АҚШ ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм шимоли-шарқий штатларга навбатдаги табиий офат яқинлашаётгани ҳақида огоҳлантирган. Унинг сўзларига кўра, Нью-Жерсиден Жануби-Шарқий Янги Англиягача бўлган ҳудудларда қор бўронлари, кучли қор ёғиши ва шамол кузатилиши мумкин. Энг катта зарар соҳилбўйи ҳудудларига тўғри келиши кутилмоқда.
Аввал ҳам январ ойида мамлакатнинг катта қисми кучли қор ёғиши таъсирида қолган эди. Айниқса, қиш шароитига кам мослашган Теннесси, Миссисипи ва Луизиана штатлари жиддий зарар кўрган.