Янги сўров демократлар орасида Исроил сиёсатига нисбатан танқид кучайганини кўрсатди, республикачиларнинг аксарияти эса аввалги позициясини сақлаб қолмоқда.
AP-NORC томонидан ўтказилган янги сўров АҚШда Исроилни қўллаб-қувватлаш даражаси сезиларли пасайганини кўрсатди. Энг катта ўзгариш Демократик партия тарафдорлари орасида кузатилган. Улар орасида Вашингтон Исроилни ҳаддан ташқари қўллаб-қувватламоқда, деб ҳисобловчилар улуши 2024 йилдаги 45 фоиздан 58 фоизга етган.
Тадқиқотга кўра, АҚШдаги катта ёшли аҳолининг қарийб учдан бири Исроил Ғазо секторида фаластинликларга нисбатан геноцид содир этаётганини ҳисоблайди. Демократлар орасида бундай фикрни сўралганларнинг тахминан ярми қўллаб-қувватлаган. Респондентларнинг қарийб 20 фоизи бу фикрга қўшилмаган, яна қарийб ярми эса бу масалага баҳо бериш учун етарли маълумотга эга эмаслигини билдирган.
Сўров натижаларига кўра, демократларнинг 62 фоизи АҚШнинг фаластинликларни қўллаб-қувватлаши етарли эмас, деб ҳисоблайди. Бир йил аввал бу кўрсаткич 49 фоизни ташкил этган. Республикачиларнинг 60 фоизи эса АҚШнинг Исроилни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳозирги сиёсати тўғри деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, партиянинг ёш тарафдорлари орасида Исроил сиёсатига нисбатан танқид катта авлод вакилларига қараганда кўпроқ учрайди.
Тадқиқот, шунингдек, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳунинг АҚШдаги оммабоплик даражаси пастлигини ҳам кўрсатди. Америкаликларнинг 20 фоизи унга ижобий муносабатда эканини билдирган, 38 фоизи салбий фикр билдирган, 41 фоизи эса баҳо беришга қийналган.
АҚШдаги яҳудийлар орасида эса тахминан 60 фоиз Биньямин Нетаньяҳуга салбий муносабатда экани, қарийб учдан бири эса уни ижобий баҳолаши маълум бўлган.