Эрон Атом энергияси ташкилотининг маълум қилишича, 24 март, сешанба куни кечқурун АҚШ ва Исроил ҳужуми пайтида отилган снаряд Эрондаги “Бушер” атом электр станцияси ҳудудига келиб тушган. Ташкилот маълумотига кўра, ҳеч ким жабрланмаган, станция объектларига ҳам зарар етмаган.
Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) раҳбари Рафаэл Гросси X ижтимоий тармоғида эълон қилинган баёнотда барча томонларни ядровий ҳалокатга йўл қўймаслик учун “энг юқори даражада вазминлик” сақлашга чақирди.
Эрон жануби-ғарбидаги шу номли шаҳар яқинида жойлашган “Бушер” АЭС 17 март оқшомида ҳам АҚШ ва Исроил ҳужумига учраган эди. Ўшанда ҳам станция ҳудудига снаряд тушган. Бироқ бу радиация сизиб чиқишига ёки АЭСга бошқа турдаги шикаст етишига олиб келмаган эди.