АҚШ ва Франция Украинага Россия ҳудудига дронлар билан берилган зарбаларни режалаштиришда фойдаланилган разведка маълумотларини тақдим этган, деб ёзмоқда Financial Times.
Украина расмийларига таяниб хабар берилишича, бу маълумотлар дронларнинг учиш йўналишларини танлаш, энг заиф объектларни аниқлаш ва Россия ҳаво мудофааси воситалари жойлашуви харитасини тузишга ёрдам берган.
Ўтган йилнинг март ойида Politico нашри Украина Қуролли кучларидаги манбасига таяниб, Украина разведка маълумотларининг қарийб 80 фоизини иттифоқчилардан, асосан АҚШдан олгани ҳақида хабар берган эди. Ўшанда Париж, Вашингтон маълумотлар алмашинувини вақтинча тўхтатганидан кейин ҳам, Киев билан ўз разведка маълумотларини баҳам кўришда давом этишини билдирган.
Россия расмийлари бу каби қўллаб-кувватлашни Ғарбнинг низода тўғридан-тўғри иштирок этиши сифатида баҳолашини бир неча бор таъкидлаган.