АҚШ ва Эрон зиддияти урушга айланиб кетмайдими? Бу савол бугун кўпчиликни ўйга толдирган. Томонлар ўртасида кучайиб бораётган тарангликнинг ҳарбий тўқнашувларга айланиб кетиши стратегик муҳим нуқтада тасаввур қилиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин.
Бу икки давлат ўртасидаги муносабатларни кузатар экансиз, икки томоннинг ҳам ўзига хос қарашларига гувоҳ бўласиз. Биринчидан, Оқ уй Эрон АҚШга қарши эҳтимолий ҳужумлар уюштиришга тайёрланаётганини таъкидлайди, аммо бу иддао юзасидан ҳозирга қадар аниқ тафсилотларни ошкор қилмаган. Шу кунларда жаҳон матбуоти АҚШ ўз қуролли кучларини Яқин Шарқ минтақасига яқинлаштираётгани, Ироқдаги дипломатик миссия ходимлари сони қисқартирилгани ва Вашингтоннинг ҳарбий ҳаракатлар режасини кўриб чиқаётганини хабар қилмоқда. Президент Трамп маъмурияти Теҳронни айнан нималардан огоҳлантираётгани аён: АҚШга қарши ҳар қандай хуружга нисбатан жиддий ҳарбий жавоб қайтарилади.
Иккинчи томондан, юзага келаётган инқирозда Вашингтоннинг ўзи айбдор. Ажабланарли жиҳати йўқ, Эрон айни шу қарашни илгари суради. Таъкидлаш ўринлики, кўплаб Трамп маъмурияти танқидчилари ҳам айнан шундай фикрда. Бундан ташқари, АҚШнинг Европадаги айрим муҳим иттифоқчилари ҳам Трампнинг Яқин Шарқ сиёсати бўйича турли даражада хавотир билдирмоқда.
Ҳаммаси нимадан бошланди?
Биз юзлашиб турган воқелик шуки, АҚШ ва Эрон ўртасидаги уруш эҳтимоли юқори. Тан олиш керак, 2015 йилдаги халқаро ядро шартномасига биноан олиб ташланган, аммо кейинчалик яна қайта жорий этилган АҚШ санкциялари Эрон иқтисодиётини ҳолдан тойдирмоқда. Эрон эса ядро дастурини қайтадан ишга тушириш билан дунёга таҳдид қиляпти. Президент Трамп бир йил аввал АҚШни Эрон ядро дастурини чеклаш бўйича эришилган халқаро битимдан чиқариб олган ва Теҳронга қарши кенг кўламли босим ўтказиш сиёсатини бошлаган эди. Вашингтон бунга изоҳ сифатида Теҳрон келишув мажбуриятларини бузганини келтирган, Трамп эса келишув шартлари Эроннинг ядровий амбицияларни чеклай олмаслигини қайд этиб ўтганди.
Эрон эса Европа давлатлари ва Россияни ўзига иқтисодий кўмак кўрсатишга ундамоқда, агар улар мамлакатнинг чўкиб бораётган иқтисодиётини сақлаб қолиш чорасини кўрмасалар, у ҳолда ядро битимини бекор қилишини таъкидламоқда. Бундай ҳолат фақат президент Трамп маъмурияти манфаатига ишлаши мумкин. Ҳар ҳолда Теҳронга қарши куч қўллаш баҳонаси пайдо бўлади.
Халқаро матбуотда кетма-кет эълон қилинаётган мақолалардан президент Трампнинг урушга нисбатан рўйхушлиги йўқлигини англаш мумкин, лекин унинг ҳукумати аъзолари бу борада якдил фикрга кела олмаган кўринади. Ҳокимиятга келганидан буён Трамп хорижда АҚШ ҳарбий ҳаракатларини қўлламаслиги билан маълум. Бироқ АҚШ ҳарбий кучлари ёки базалари ҳужумга учраган тақдирда, президентнинг қўл қовуштириб ўтиришига ишониш қийин. Бир вақтнинг ўзида Вашингтоннинг минтақадаги иттифоқчилари — Исроил ва Саудия Арабистони Эронга қарши давом этаётган босимларни бир четдан туриб олқишлаётган бўлса, Трампнинг европалик ҳамкорлари мавжуд вазиятдан ташвишга тушмоқда.
Айни дамда Эрон ва АҚШ ўртасида юзага келиши мумкин бўлган ҳарбий зиддиятни 2003 йилда бошланган Ироқ урушига менгзайдиганлар талайгина. Бироқ бу тўғри қиёслаш бўлмайди. Эрон Саддам Ҳусайн Ироқидан жуда катта фарқ қилади. Саддам АҚШга қарши эскирган оддий қуроллар билан жанг олиб борган бўлса, Эрон замонавий қуроллар ва баллистик ракеталарга эга. 85 миллионли аҳолининг аксариятини ёшлар ташкил қилишини ҳисобга олсак, ҳар ким ҳам Эронга қарши қуруқликда операция бошлашга ботина олмайди. Уруш бошланган тақдирда ҳам у кенг кўламда олиб борилмайди. Бироқ ҳар не бўлса-да, Эрон билан бошланадиган уруш бутун Яқин Шарқни олов ичида қолдириши мумкин.
АҚШ ташқи сиёсатида инқироз пайдо бўлдими?
Дональд Трамп президент этиб сайлангач, АҚШ ташқи сиёсатига жиддий путур етишини башорат қилганлар бўлган эди. Бугунги кунда Эрон атрофида шаклланиб келаётган вазият АҚШ ташқи сиёсатида кўп томонлама инқироз пайдо бўлганини ўзида акс эттирмоқда: халқаро битимларни хуш кўрмаслик; минтақавий иттифоқчиларга ҳаддан зиёд суяниш; узоқ вақт АҚШ ҳамкори бўлиб келган НАТО давлатлари билан алоқаларнинг совуқлашиб кетиши; энг муҳими, Вашингтоннинг реал стратегик манфаатларини аниқлай олмаслик ва илгари суролмаслик.
Дунёда қудратли давлатлар рақобати ошаётган, кучига куч қўшилаётган Хитой ва оёққа тураётган Россияга қарши АҚШ ўз қуролли кучлари салоҳиятини кучайтиришга тиришаётган бир пайтда Эрон Вашингтоннинг стратегик мақсадларида қандай ўринни эгаллаб турибди? Эрон глобал таъсирга эга инқирозга сабаб бўла оладими? АҚШ ташқи сиёсати бўйича кўплаб таҳлилчилар бу саволга йўқ, деб жавоб беради. Аксар экспертлар Теҳронни тийиб туриш зарурлигини таъкидлайди, аммо очиқ урушга сабаб бўлиши мумкин ҳаракатлар ҳозирча кузатилмаётганини айтади. Мабодо уруш бошланган тақдирда ҳам бу эронликлар ва америкаликларнинг ўз хатолари меваси бўлади.
Биргина имзо билан АҚШ президенти Дональд Трамп Эроннинг ядровий интилишларини жиловлаб туришга қаратилган шартнома келажагини хавф остига солиб қўйди. Президент шартнома ва унинг тарафдорларига қарши шафқатсиз ҳужум кампаниясини бошлаб юборди. Бироқ Трамп шартноманинг ўрнини босувчи муқобил сиёсий ечим таклиф қилмади. Унинг ушбу ҳаракати оқибатида расмий Вашингтоннинг энг яқин иттифоқдошлари билан дипломатик муносабатларига путур етиши мумкин. Айни вақтда баъзилар Трампнинг бу қарори Яқин Шарқ минтақасига янги ва янада даҳшатли уруш олиб келиши эҳтимолидан хавотирга тушди.
2015 йилда имзоланган Эрон ядровий дастури шартномаси ҳали буткул фалажланиб қолгани йўқ, лекин яшаб қолиш учун кўмакка муҳтож. Бироқ мамлакат ичкарисидаги қудратли шахслар Эроннинг нафақат ядровий дастур шартномасидан, балки биратўла Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномадан ҳам чиқиб кетишини истамоқда.
Ҳарбий низодан кўра, дипломатик чоралар анча фойдали
Мухтасар айтганда, вазият кескин. Дональд Трампнинг Вашингтон Яқин Шарққа 1,5 мингга яқин қўшимча ҳарбий юборишини эълон қилиши, АҚШ Давлат департаменти Эрон ислом инқилоби соқчиларини, яъни Эроннинг энг қудратли қўшинларини террористик ташкилотлар рўйхатига киритгани оловга мой қуйиш билан баробар бўлди.
Бироқ куни кеча АҚШ армиясининг истеъфодаги генералларидан иборат ташкилот Дональд Трампга Эрон атрофидаги кескинликни пасайтириш илтимоси битилган мактуб йўллади. Истеъфодаги 90 нафар генерал имзо чеккан мактубда Эрон билан боғлиқ вазиятдан чуқур ташвишда экани айтилади. «Уруш шундоқ ҳам беқарор Яқин Шарқда олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатлар олиб келади ва АҚШни улкан молиявий ва геосиёсий хатарлари бўлган низога тортади», — дейилади унда. Муаллифларнинг фикрича, ҳарбий низодан кўра дипломатик чоралар анча фойдали бўлади.
Ана шундай бир шароитда Ироқ ўзининг икки муҳим иттифоқдоши — АҚШ ва Эрон ўртасидаги инқирозни тартибга солишда воситачилик қилишни таклиф қилди. «Биз ёрдам бериш ва воситачилик қилишга ҳаракат қилмоқдамиз», деб айтган Ироқ ташқи ишлар вазири Муҳаммад Али ал-Ҳаким эронлик ҳамкасби Муҳаммад Жавод Зариф билан учрашувда. Ал-Ҳакимнинг айтишича, Ироқ Вашингтон томонидан қабул қилинаётган бир томонлама қадамларга қарши. Муҳаммад Жавод Зариф, ўз навбатида, Эрон ва Форс кўрфазидаги давлатлар ўртасида ўзаро ҳужум қилмаслик битимини тузишга чақирди.
Хуллас, Эрон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар борган сари таранглашмоқда. Бу эса шундоғам узоқ йиллардан буён сиёсий барқарорликдан мосуво бўлаётган Яқин Шарқ учун яхшилик олиб келмаслиги аниқ...