АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси лавозимига номзод Пол Капур Сенатдаги эшитувлар чоғида АҚШ Марказий Осиё давлатларининг суверенитетини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
«АҚШ Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон каби Марказий Осиё мамлакатларининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини илгари суришга интилади. Агар номзодим маъқулланса, мен С5+1 жараёни, шунингдек, икки томонлама форматлардан фойдаланиб, энергетика, камёб ер металлари, терроризмга қарши кураш, трансмиллий жиноятчиликка қарши чоралар ва Марказий Осиёда физик ҳамда рақамли инфратузилмани ривожлантириш соҳаларида ҳамкорликни давом эттираман», — деди у.
С5+1 — бу Марказий Осиёнинг беш давлати ва АҚШ иштирокидаги формат бўлиб, ўзаро манфаатли масалаларни муҳокама қилиш учун яратилган.