Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бағойи АҚШнинг Ҳурмуз бўғозидаги вазият ва халқаро савдодаги узилишлар учун Эронни айблашга уринаётганини танқид қилди.
Бағойи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида АҚШ ва Исроил Эронга ҳужум қилгунига қадар, яъни 28 февралгача Ҳурмуз бўғози тўлиқ очиқ бўлганини таъкидлади.
«Вашингтон минтақамизга ноқонуний ва шафқатсиз урушни мажбуран олиб кирди ва оддий юк ташиш жараёнларини издан чиқарди. Нефть танкерлари ҳаракатсиз қолмоқда, савдо узилмоқда ва энергия нархлари ошмоқда», — деди у.
Эрон ТИВ вакилига кўра, АҚШ энди ўзи юзага келтирган беқарорлик ва қонунбузарликлар учун жавобгарликни Эрон зиммасига юклашга ҳаракат қилмоқда.
«Вошингтон бутун дунёни ўзининг ноқонуний ҳаракатлари учун улкан нарх тўлашга мажбурламоқчи», — деди Бағойи.
Унинг таъкидлашича, АҚШнинг талқинига кўра, Вашингтон бошлаган урушнинг оқибатлари гўё Эроннинг ҳаракатлари учун дунёга тўлов сифатида тақдим этилмоқда.
«АҚШ урушни бошлади, аммо бунинг учун бутун дунё тўлашини кутмоқда. Шу билан бирга, Эронни ўзи яратган тартибсизликнинг айбдори сифатида кўрсатишга уринмоқда. Ҳақиқатнинг бундай бузиб кўрсатилиши мутлақо бемаъни ва асоссиз», — дея хулоса қилди Бағойи.