Оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, у Россия махсус хизматларига алоқадор бўлиб, АҚШ ва Европадаги давлат муассасаларига киберҳужумлар уюштиришда гумон қилинмоқда.
Таиланд киберполицияси маълумотига кўра, хакер Пҳукет оролида АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) агентлари билан ўтказилган қўшма операция давомида ҳибсга олинган. У жорий йилнинг 30 октябр куни мамлакатга кириб борган ва Таланг туманидаги меҳмонхонада жойлашган. Тинтув чоғида ундан ноутбуклар, мобил телефонлар ва криптоҳамёнлар (рақамли ҳамёнлар) топилган. Тергов маълумотларига кўра, унинг криптоҳисобларида 14 миллион бат (тахминан 432 минг доллар) музлатилган бўлиб, бу маблағларнинг келиб чиқиши киберфирибгарликка алоқадор бўлиши мумкин.
Полиция гумонланувчининг исмини расман ошкор қилмаган. Бироқ “Вот так” нашрининг ёзишича, ФҚБ базасида кибержиноятлар учун қидирувда бўлган 35 ёшли ягона россиялик Россия Бош разведка бошқармаси катта лейтенанти, Fancy Bear хакерлик гуруҳи билан алоқадор Алексей Лукашевдир.
ФҚБ маълумотларига кўра, Лукашев 2016 йилги АҚШ президентлик сайловларига аралашув ва Демократик партия серверларини бузиш бўйича ишда тилга олинган. Унинг исми бу ишда айбланган 12 нафар шахс орасида қайд этилган. Fancy Bear гуруҳи шунингдек, Ҳиллари Клинтон штаб-квартирасининг электрон почтаси ҳамда Франция президенти Эммануел Макроннинг почтасини бузиш бўйича терговларда ҳам тилга олинган.