Қўшма Штатлар ҳудудий суди судьяси Кристофер Купер Вашингтондаги Жон Ф. Кеннеди номидаги Ижрочилик санъати маркази номига амалдаги президент Трампнинг исмини қўшишни ноқонуний деб топди. Суд қарорида айтилишича, ушбу муассаса "Президент Кеннедига ва фақат Президент Кеннедига" бағишланиши лозим.
Судья ўз ҳукмини марказга номни Қўшма Штатлар Конгресси бергани ва "уни фақат Конгресс ўзгартира олиши" билан асослади. Шу муносабат билан, суд Доналд Трампнинг исмини Кеннеди маркази биноси пештоқидан олиб ташлаш ҳақида қарор чиқарди.
Трампнинг исми у ерга 2025 йилнинг декабр ойида қўшиб ёзилган эди. Бундан ташқари, Купер марказнинг янги васийлик кенгаши томонидан муассасани таъмирлаш ишларини олиб бориш учун икки йилга ёпиш ҳақидаги қарорини ҳам бекор қилди. Унинг айтишича, таъмирлашни марказ бошқаруви билан маслаҳатлашгандан сўнг амалга ошириш мумкин.
Доналд Трамп Кеннеди марказининг аввалги васийлик кенгашини 2025 йилда тарқатиб юборган ва унинг янги таркибини тайинлаган эди. Кейинчалик кенгашнинг янги аъзолари Трампни унга раис этиб сайлашди ва марказ номини "Доналд Ж. Трамп ва Жон Ф. Кеннеди номидаги Ижрочилик санъати маркази" деб ўзгартириш учун овоз беришган эди.