Ишлаб чиқувчиларнинг режасига кўра, самолёт тахминан 250 нафар йўловчини 9 300 километргача масофага ташиши мумкин. Шунингдек, у ўлчамлари ўхшаш бўлган анъанавий самолётларга нисбатан 50 фоизгача кам ёқилғи сарфлаши кутилмоқда. Ҳаво қаршилигини камайтириш учун двигателларни самолётнинг орқа қисмига жойлаштириш режалаштирилган. Бироқ бу кўрсаткичлар ҳозирча лойиҳанинг мақсадлари бўлиб, амалиётда тасдиқланмаган.
Самолётнинг ғайриоддий шакли салонни кенгайтириш, йўловчилар учун бир нечта алоҳида ҳудудлар ташкил этиш, қулайроқ ўриндиқлар ва қўл юки учун қўшимча жой ажратиш имконини беради.
Бироқ лойиҳада муҳим муаммо ҳам бор: кўплаб йўловчилар ташқи деворлардан узоқда жойлашиши мумкин. Шу сабабли анъанавий иллюминаторлардан воз кечишга тўғри келиши эҳтимолдан холи эмас. Муқобил ечимлар сифатида шифтга ўрнатиладиган деразалар ёки самолёт ташқарисидаги манзарани акс эттирувчи рақамли экранлар кўриб чиқилмоқда. Салоннинг якуний дизайни ҳозирча белгиланмаган.
JetZero компанияси тўлиқ ўлчамли намойиш самолётининг илк парвозини 2027 йилда амалга оширишни режалаштирмоқда. Z4 самолётида тижорий парвозларни эса 2030-йилларнинг бошларида бошлаш кўзда тутилган.
Унгача лойиҳа жиддий синовлардан ўтиши ва зарур рухсатномаларни олиши керак.