АҚШ махсус хизмати разведка маълумотини олиш ва таҳлил қилиш учун сунъий интеллектга ўхшаш дастур – “ChatGPT” ишлаб чиқмоқда, деб хабар тарқатди “Блумберг” агентлиги.
– Марказий разведка бошқармаси “OpenAI” компаниясининг машҳур дастурига ўхшаш сервис тақдим этишга тайёрланмоқда, – дейилади хабарда. – Таҳлилчилар мазкур сунъий онг ёрдамида очиқ манба орқали разведка маълумотини қўлга киритишлари мумкин.
Янгиликнинг жорий қилиниш муддати, қайси платформага жойланиши айтилмаяпти. Таъкидланишича, тез орада ихтиродан Америка разведкасининг барча 18 идораси фойдалана бошлайди.
Нашр “сервис сиёсатчилар ва жамоатчилик учун ёпиқ бўлади”, дея аниқлик киритган масалага.
– Энг аввал газета ва радио, сўнгра газета ва телевидение, кейин газета ва кабель телевидениеси ва ниҳоят интернет орқали кўп ҳажмли маълумот олиш даври бошланди, – деган МРБ ходими Рэнди Никсон. – Жараён кучайиб бораверади.
Мутахассис таъкидлашича, бугунги кунда маълумотни таҳлил қилиш хашак орасидан игна қидиришдек гап. Шу боис катта ҳажмдаги оммавий ва тижорий маълумотни ўрганиш учун сунъий онг ёрдами керак. Янги восита фойдаланувчига маълумотнинг илк манбасини аниқлаш, тезроқ таҳлил қилиш имконини беради.