АҚШ расмийлари КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг икки ҳафтадан кўпроқ вақт давомида бедарак йўқолганини ва оммавий тадбирларда қатнашмаётганини ғайриоддий деб ҳисоблашади. Қўшма Штатлар вазиятнинг ҳар қандай ривожланишига тайёрланмоқда, деди Давлат котиби Майкл Помпео. Унинг сўзларидан ТАСС иқтибос келтирмоқда.
Помпеонинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар Шимолий Корея раҳбарининг икки ҳафтадан кўпроқ вақтдан сўнг жамоатчилик олдида пайдо бўлгани ҳақида маълумот олмаган. "Бу ҳақда эшитмадик, бу ғайриоддий ҳолат, — деди АҚШ давлат котиби. — Биз буни диққат билан кузатишда давом этамиз. Ҳар қандай вазиятга тайёр туриш учун ҳаракат қилмоқдамиз”.
Помпеога кўра, Президент Дональд Трамп айтганидек, асосий мақсад Сингапурда эришилган келишувларни амалга оширишдир. "Бу мамлакатнинг ядро қуролига эга бўлмаслигини ва Шимолий кореяликлар учун келажак порлоқ бўлишини таъминлашни ўз ичига олади", деди Помпео.
Маълумот учун, Ким Чен Ин 11 апрелдан бери жамоатчилик олдида кўринмаяпти.