АҚШ ҳукумати жаҳон бозорида Венесуэла нефтини сотишни бошлади.
Бу ҳақда АҚШ Энергетика вазирлиги расмий баёнотида айтилмоқда.
Департаментнинг қайд этишича, бу фаолият “АҚШ, Венесуэла ва унинг иттифоқчилари манфаатларидан келиб чиқиб” амалга оширилмоқда. Вашингтон савдо операцияларини амалга ошириш ва молиявий ёрдам кўрсатиш учун этакчи глобал товар трейдерлари ва асосий банкларни жалб қилди.
Ҳужжатга кўра, Венесуэладан хом нефть ва нефть маҳсулотларини сотишдан тушган барча тушумлар дастлаб АҚШ назорати остидаги тан олинган глобал банклардаги ҳисоб рақамларига ўтказилади. Энергетика вазирлигининг таъкидлашича, бу қарор "маблағларни якуний тақсимлашнинг қонунийлиги ва яхлитлигини таъминлаш" учун қабул қилинган.
Маблағлар "Америка ва Венесуэла халқи манфаатларини кўзлаб" фақат АҚШ ҳукумати ихтиёрига кўра ажратилади. Нефть сотиш дарҳол бошланади, дастлабки босқичда 30 дан 50 миллион баррелгача сотиш режалаштирилган. Баёнотда бу амалиётнинг “чексиз” давом этиши таъкидланади.
Бундан ташқари, АҚШ Венесуэла нефти ва нефть маҳсулотларини жаҳон бозорларига ташиш ва сотишни таъминлаш учун санкцияларни танлаб олиб ташламоқда.