АҚШ Ҳўрмуз бўғози орқали нефт экспортини таъминлаш мақсадида махфий йўлак ташкил этган бўлиб, у орқали ҳар куни қарийб 10 миллион баррел нефт ташилмоқда. Бу ҳақда Axios нашри америкалик расмийларга таяниб хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, ҳар кеча 15–20 та танкер Ҳўрмуз бўғозининг Ўмон соҳиллари бўйлаб ўтувчи жанубий йўналиш орқали ҳаракатланмоқда.
Шунингдек, АҚШ бўш танкерларнинг Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн ва Кувайтдан нефт юклаб олиш учун Форс кўрфазига киришига кўмаклашмоқда.
Маълум қилинишича, танкерлар ҳаракати АҚШ ҳарбий авиацияси ҳимояси остида амалга оширилмоқда. Америка ҳарбий самолётлари танкерларга таҳдид солиши мумкин бўлган Эрон дронлари ва ракеталарини тутиб қолиш вазифасини бажармоқда.