Бугун 31 май, 2026 йил, якшанба

O'ZB

АҚШ Эроннинг 12 миллиард долларлик маблағини блокдан чиқариши мумкин – ОАВ

АҚШ Эроннинг 12 миллиард долларлик маблағини блокдан чиқариши мумкин – ОАВ

Қўшма Штатлар Эроннинг хорижда музлатиб қўйилган 12 миллиард доллар миқдоридаги молиявий активларидан фойдаланишга рухсат бериши кутилмоқда. Бу ҳақда Эрон давлат телерадиокомпанияси (IRIB) икки томонлама ўзаро англашув меморандуми лойиҳасига таяниб хабар тарқатди.

"РИА Новости"нинг Эрон ОАВларидан келтирган иқтибосига кўра, мазкур ҳужжат лойиҳасида Вашингтон зиммасига 60 кунлик муддат ичида Теҳроннинг ушбу маблағларига қўйилган тақиқни бекор қилиш мажбурияти юкланган.

Бундан олдинроқ Эрон Олий миллий хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Али Багери Кяни Теҳроннинг позициясини маълум қилиб, АҚШдан барча музлатилган маблағларни ҳеч қандай истисно ва шартларсиз қайтаришни талаб этаётганликларини баён қилган эди.

Ўз навбатида, "Tasnim" агентлиги музокаралар жараёнига яқин бўлган манбасига таяниб, Эрон томони 14 та банддан иборат ўз талаблар пакетини тақдим этганини билдирди. Унга кўра, Теҳрон чет эл банкларидаги жами 24 миллиард долларлик активини блокдан чиқаришни сўраган. Ушбу маблағларнинг тенг ярми меморандум имзоланган заҳоти, қолган қисми эса кейинги икки ой ичида Эрон ихтиёрига ўтказилиши лозимлиги таъкидланган.

Маълумотларга кўра, ҳозирда кўриб чиқилаётган ҳужжат лойиҳасидан нафақат молиявий маблағлар, балки Ҳормуз бўғозидаги кемалар қатнови хавфсизлиги масаласи ҳам жой олган. Шундай бўлса-да, мазкур ҳужжат ҳозирча расмий мақомга эга эмас ва якуний келишув сифатида тасдиқланмаган.

Киритилди: Бугун 14:35. Ўқилди: 143 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!