Америка ҳарбий қўмондонлиги Ларак оролига тунги ҳужум превентив хусусиятга эга бўлгани ва кемаларни мина ўрнатилишидан ҳимоя қилишга қаратилганини билдирди.
АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Америка ҳарбийларининг Ҳурмуз бўғозидаги Ларак ороли яқинида ўтказган операциясини ҳарбий таҳдидни олдиндан бартараф этишга қаратилган «чекланган зарба» деб баҳолади.
Вашингтонда таъкидланишича, ҳужум фақат «тинч аҳолига мансуб денгизчилар, савдо кемалари ва жаҳон савдосининг эркин ҳаракатини ҳимоя қилиш» мақсадида амалга оширилган.
Америка идораси маълумотларига кўра, аниқ нишонларга қаратилган операция АҚШ разведкаси маълумотларига асосан Ҳурмуз бўғозини ёпиш мақсадида ракеталар ва денгиз миналарини ишга туширишга тайёргарлик кўраётган Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (КСИР) кучларига қарши йўналтирилган. Икки зарба натижасида КСИРга тегишли иккита ракета учириш қурилмаси йўқ қилинган.
CENTCOM Эрон томонидан юзага келтирилган «бевосита таҳдид» бартараф этилганини ва операция кенг кўламли кескинлашувни мақсад қилмаганини таъкидлади. Эрон томони маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида икки киши ҳалок бўлган ва яна икки киши яраланган.
АҚШ ҳаракатларига жавобан Эрон Иорданиядаги Америка ҳарбийлари фойдаланадиган Муваффақ Салти ва Қирол Ҳусайн авиабазаларига баллистик ракеталар билан зарба берди.
Шунингдек, Эрон Қуролли кучлари Бирлашган Араб Амирликларидаги «Ал-Минҳад» базасида жойлашган америкалик ҳарбийлар ва вертолётларга ҳужум қилиш учун ўнлаб учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланди.