АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Эронга қарши йирик ҳарбий операция бошлаш арафасида турибди. Бу ҳақда Axios манбаларига таяниб хабар берди.
Манбаларга кўра, АҚШ ва унинг иттифоқчилари иштирокидаги эҳтимолий ҳарбий ҳаракатлар яқин ҳафталарда бошланиши мумкин. Улар сўнгги пайтдаги чекланган операциялардан кўра анча кенг кўламли бўлиши кутилмоқда.
Трампнинг маслаҳатчиларидан бири “яқин ҳафталарда ҳарбий ҳаракатлар бошланиши эҳтимоли 90 фоизни ташкил этади”, дея таъкидлаган.
Эҳтимолий операция авианосецлар, жанговар кемалар, юзлаб қирувчи самолётлар ва Яқин Шарқда жойлаштирилган ҳаво мудофаа тизимларини ўз ичига олган тўлиқ ҳарбий кампанияга ўхшаш бўлиши мумкин. Қайд этилишича, сўнгги 24 соат ичида яна 50 та F-35, F-22 ва F-16 қирувчи самолётлари минтақада жойлаштирилган. Шунингдек, АҚШнинг Марказий қўмондонлик ҳудудидаги денгиз гуруҳи 13 та жанговар кемагача кенгайтирилган.
Манбаларга кўра, музокаралар муваффақиятсиз тугаса, Трамп кескин қарор қабул қилиши мумкин.
Кучайган кескинлик иқтисодиётга ҳам таъсир қилмоқда: Эрон билан эҳтимолий тўқнашув ҳақидаги хабарлар ортидан нефть нархлари сезиларли даражада ошган. Экспертлар буни стратегик денгиз йўллари орқали етказиб беришда узилиш хавфи ортиши билан изоҳламоқда.