Бугун 5 июнь, 2026 йил, жума

O'ZB

Apple Max мессенжерини App Storeʼдан олиб ташлади

Apple Max мессенжерини App Storeʼдан олиб ташлади

Apple компанияси Max мессенжери иловаси App Storeʼдан олиб ташланганини тасдиқлади. Фойдаланувчилар 3 июнь куни кечқурун дастур энди App Store қидирув натижаларида кўринмаётганини пайқай бошлашган.

Компания BBC рус хизматига берган баёнотида қарор Apple фаолият юритадиган мамлакатлардаги қонунлар ва санкция талабларига риоя қилиш доирасида қабул қилинганини маълум қилди.

Бироқ Apple қайси санкциялар назарда тутилаётганига аниқлик киритмади.

Фойдаланувчиларнинг таъкидлашича, 3 июнь оқшомидан бошлаб Max мессенжери App Store қидирув тизимида чиқмай қолган. Илованинг саҳифасига ҳавола орқали киришга уринилганда ҳам хатолик ҳақида хабар пайдо бўлган.

Max мессенжери ўтган йил март ойида ишга туширилган эди. Сўнгги ойларда Россияда миллий мессенжерларни ривожлантириш ва хорижий платформалар фаолиятини чеклаш ҳақидаги муҳокамалар фонида мазкур лойиҳага қизиқиш ортган.

Россия мухолифати ва бир қатор жамоатчилик фаоллари аввалроқ Max мессенжерини Apple ва Google иловалар дўконларидан олиб ташлашга чақирган эди. Жумладан, Юлия Навальная бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган, шунингдек «Рассвет» партияси фаоллари ҳам миллий мессенжерни мажбурий жорий этишга қарши кампания бошлаган эди.

Бироқ ушбу чақириқлар Apple қарорининг қабул қилинишига таъсир қилган-қилмагани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Май ойида Россия президенти Владимир Путин хорижий рақамли хизматлар устидан назоратни кучайтириш ва маҳаллий платформаларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлаган эди. Max мессенжери атрофидаги вазият эса рақамли бозордаги рақобат ва санкциялар таъсири ҳақидаги баҳсларни янада кучайтириши мумкин.

Киритилди: Бугун 20:41. Ўқилди: 173 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!