7–8 июль кунлари Туркия раислигида Анқара шаҳрида сўнгги йиллардаги энг муҳим НАТО саммитларидан бири бўлиб ўтмоқда.
Саммитда Альянсга аъзо 32 давлат раҳбарлари, Осиё–Тинч океани минтақасидаги ҳамкор мамлакатлар ва таклиф этилган меҳмонлар, жумладан, Украина президенти Владимир Зеленский иштирок этмоқда.
НАТО бош котиби Марк Рюттенинг айтишича, учрашув амалий натижаларга қаратилган бўлади. Унга кўра, иттифоқчилар ўтган йилги саммитда қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилиши, мудофаа харажатларини ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизигача ошириш, қурол-яроғ ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда Украинага кўрсатилаётган ёрдамни муҳокама қилади.
Рютте Киевни ҳам жанг майдонида, ҳам эҳтимолий тинчлик музокаралари олдидан имкони қадар мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.
Туркия вице-президенти Жевдет Йилмаз бўлажак саммитни тарихий учрашув деб атаб, у жаҳон хавфсизлик тизимида катта ўзгаришлар юз бераётган даврда ўтаётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, иштирокчилар жамоавий мудофаа масалаларини «360 даража» тамойили асосида кўриб чиқади ва мудофаа соҳасига янги инвестицияларни муҳокама қилади.
Йилмаз, шунингдек, Туркия ўзининг мудофаа саноати, дипломатик саъй-ҳаракатлари ва хавфсизлик тизими туфайли хавфсизлик масалалари муҳокамасининг жаҳон марказларидан бирига айланганини билдирди. У 2026 йил мамлакат учун «Саммитлар йили» деб эълон қилинганини эслатиб, НАТО саммитидан кейин Туркия Туркий давлатлар ташкилоти саммити ҳамда БМТнинг иқлим ўзгаришига бағишланган COP31 конференциясига мезбонлик қилишини айтди.
Форумнинг биринчи куни НАТО тарихидаги энг йирик Мудофаа саноати форуми ўтказилади. Унда Туркия ўз ҳарбий-саноат мажмуаси ютуқларини намойиш этади. Шунингдек, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған билан АҚШ президенти Дональд Трамп ўртасида учрашув бўлиши кутилмоқда.
Истанбул Савдо палатаси раиси Шекиб Авдағич саммитда умумий иқтисодий ҳажми тахминан 70 триллион долларга тенг бўлган 40 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этаётганини маълум қилди. Унинг фикрича, форум Туркиянинг Европа хавфсизлик архитектурасидаги стратегик аҳамияти ортиб бораётганини тасдиқлайди ҳамда мудофаа саноати соҳасида янги ҳамкорлик имкониятларини очади.
Саммитнинг асосий мавзуларидан бири «НАТО 3.0» концепцияси бўлиб, у трансатлантик бирликни сақлаган ҳолда Европа иттифоқчиларининг жамоавий мудофаадаги ролини кучайтиришни назарда тутади.
Учрашув якунида иштирокчи давлатлар ҳарбий харажатларни ошириш, мудофаа ишлаб чиқаришини кенгайтириш ва Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича янги мажбуриятларни қабул қилиши кутилмоқда.