Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Андижонда жиноятчи чўпонга жазо тайинланди

Андижонда жиноятчи чўпонга жазо тайинланди

Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманилик А. Матмуса (исмлар ўзгартирилди) тирикчилик ўтказиш учун Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманига келиб жойлашади. Кўп ўтмай, оиласини ҳам кўчириб келади.
У дастлаб ҳаммага тавозе билан икки қўлини кўксига қўйиб, ёш болага ҳам «сиз»лаб мурожаат этади. Кўпчиликнинг ишончига кириб олгандан кейин эса тап тортмай ўзганинг мулкини ўзлаштириб олишни бошлайди. Бунда унга маҳалладаги фуқароларнинг қўйларини боқиб бериш жуда қўл келади. Бирор тузукроқ, аниқроғи, «ёғли» иш излаб юрганида далада ўтлаб юрган қўйларни кўриб, кўзи қувнаб кетади. Уларни қандай қилиб қўлга киритишни ўйлайди. Қараса, қўйларни бир-икки ёш бола боқиб юрибди. Қўйларнинг эгасини суриштириб билгач, икки қўли кўксида унга мурожаат этади:

– Кеча ўғлингизни кўргандим, бир сурув қўйни боқиб юрган экан, ёш болага ишониб топширибсиз. Ҳарҳолда эҳтиёт бўлган яхши, – деди унга ачинган бўлиб.

– Маҳаллада подачи бўларди, Тошкентга бориб ишга жойлашганмиш, ноилож ёш болаларга топширяпмиз, – деди Ҳ. Ҳамидхўжа. – Бир юз олтмишта қўйни болалар амаллаб боқиб келяпти. Эрта-индин мактаб бошланса, нима қиламиз, деб бошим қотяпти.

– Менинг отам подачилик қилган, болалигимдан унга ёрдамлашганман, сурувни қандай боқишни яхши биламан. Келишсак, мен ўзим боқиб берардим...

Матмусанинг гапи оғзида қолди:

– Эртадан менинг уйимга келаверинг, – деди Ҳамидхўжа. – Подани сизга топшираман. Илгариги подачи бир қўй учун ойига уч минг сўмдан оларди, сизга беш минг сўмдан тўласам, рози бўласизми?

– Майли, баракасини берсин, рўзғор тебратиб туришга етса бўлди, – деди қўлини кўксига қўйиб Матмуса.

Орадан бир ойлар ўтиб, Матмуса одамлар қўй боққани учун бераётган пулга қаноат қилмай, билдирмай қўйларни сота бош­лади. Дастлаб қўшни маҳалладаги Барҳаёт Эркаевга бозорда бир миллион сўмлик қўйни олти юз минг сўмга пуллайди.

– Эгаси билан келишганмисиз? – деди Барҳаёт Матмусага.

– Бу қўй менга бериладиган чўтал ҳисобидан, олиб кетаверинг, – деди Матмуса пинагини бузмай.

Маҳаллада андижонлик киши подачилик қилаётганмиш, деган гап тезда тарқалди. Унга ўнта, йигирмата қўйини олиб келиб топширганлар сони ўндан ортди.

Шу маҳаллада яшовчи А. Зиёвиддиннинг ишончига кирган Матмуса унинг ўнта қўйини боқиш учун олади.

Орадан ўн кунлар ўтиб, арзон қўйнинг исини олган Барҳаёт яна келади. Матмуса бу гал унга Зиёвиддиннинг саккиз юз минг сўмлик қўйини беш юз минг сўмга «барака» қилади.
Зиёвиддин унга роса ишонганидан қўйлари нима бўляпти, деб хабар ҳам олмайди. Бундан фойдаланган Матмуса ўнта қўйнинг ҳаммасини арзон-гаровга пуллаб, ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборади. Қўйларни яхши боқяпман, анча семириб қолди, деб ундан хизмат ҳақини олаверади. Шу маҳаллада яшайдиган. Икромхўжанинг олти бош қўйини икки-уч ой боқиб, сотиб юборади ва олти ойгача хизмат ҳақини олиб юради.

Матмусанинг подачилигини эшитган Т. Тоҳиров йигирмата қўйини ҳайдаб келади.

– Йил охиригача қўйларингиз икки ҳисса кўпаяди, – дейди Матмуса яна бир лақма тузоққа тушганидан севиниб.

– Қўйларнинг ярми эркак-ку, – ҳайрон бўлиб сўрайди Т. Тоҳиров.

– Совлиқларингиз зотли экан. Мен иккитадан қўзи олиш сирини биламан, келаси йил бир пода қўйни ҳайдаб кетасиз, – дейди Матмуса қўлини кўксига қўйиб.

Т. Тоҳиров бу гапдан эриб кетиб, ҳар бир қўй учун бошқалардан минг сўм кўп тўлашини айтади. Кейин қўйлар адашиб кетмасин учун бўёқдан белги қўяди.

Орадан олти ойлар ўтиб яйловга хабар олгани келган
Т. Тоҳировнинг фиғони фалакка чиқади. Чўпон унга икки баравар кўпаяди, деган қўйларининг ярми йўқ эди. Қўйлардан ўнтасини аллақачон пуллаб бўлган Матмуса эгаси суриштириб келганидан ҳайиқмай:

– Қўйларингиз ҳаммаси жойи­да мен ўз чўталимни олдим, қолгани ўтлаб юрибди, – дейди бўзрайиб.

– Қанақа чўтал, мен сенга нақд пул тўлаяпман-ку, – тутоқди Т. Тоҳиров.

Жанжал бошланиб, туман ИИБгача боришади. Т. Тоҳиров билан бўлган воқеани эшитган бошқалар ҳам келиб қўйларини санай бошлайди.

Ички ишлар органлари ходимлари иштирокида Матмусанинг боқиш учун олган қўйлари тафтиш қилинади. Тергов давомида Матмусанинг етмишдан ортиқ қўйни сотиб, сўйиб, ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборгани аниқланади. Жабрланувчиларга жами эллик беш миллион сўмга яқин моддий зарар етказган Матмуса пулларнинг бир қисмини қайтаради. Ишониб топширилган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ҳамда фирибгарлик жиноятларини содир этган Матмуса қонун олдида жавоб берди.

Жиноят ишлари бўйича Мирзаобод тумани судида «чўталчи» чўпоннинг иши кўриб чиқилиб, тегишли жазо тайинланди.

Киритилди: 15:07 23.01.2020. Ўқилди: 2464 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!