Андижон вилоятидаги 218 гектар ер майдонига эга бўлган “Ипак йўли” эркин иқтисодий зонасида рангли металл конструкциялари ва электр скутерлар ишлаб чиқариш заводлари қурилиши бошланди.
Хитой билан ҳамкорликдаги “CHINA BAOLI” масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 200 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа доирасида йилига 45 минг тонна рангли металл конструкциялари ишлаб чиқариш қувватига эга корхона барпо этилади. Экспорт ҳажми эса йиллик 18 миллион долларни ташкил этади.
Лойиҳа 2026 йилда фойдаланишга топширилиши белгиланган бўлиб, 400 та янги иш ўрни яратилади.
Электр скутерлар ишлаб чиқариш лойиҳасининг умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Мазкур корхонада йилига 2 миллион дона электр скутер ишлаб чиқарилади. Йилига 5 миллион доллар қийматдаги маҳсулотни экспорт қилиш кўзда тутилган.
Ушбу лойиҳа амалга оширилиши билан 300 нафар андижонликлар доимий иш ўрнига эга бўлади. Лойиҳа 2025 йил якунига қадар ишга туширилиши режалаштирилган.