АҚШда ўтказилган янги сўров натижаларига кўра, америкаликларнинг қарийб 60 фоизи президент Дональд Трампнинг Эронга нисбатан сиёсатини маъқулламайди. Улар орасида республикачиларнинг тахминан чорак қисми ҳам бор. Бу ҳақда «Рейтер» ва «Ипсос» ҳамкорлигида ўтказилган тадқиқот натижаларига таяниб, «Тасним» ахборот агентлиги хабар берди.
Сўров АҚШ ва Эрон ўртасида қарийб олти ойдан бери давом этаётган ҳарбий можаро фонида ўтказилди. Ноябрь ойидаги оралиқ сайловлар яқинлашар экан, можаронинг Трамп маъмурияти ва Республика партияси нуфузига таъсири ҳам кучаймоқда.
Трамп чоршанба куни АҚШ оралиқ сайловлар якунлангунига қадар Эронга ҳужум қилмаслигини маълум қилди. Шунингдек, у Теҳрон билан «конструктив» музокаралар олиб борилаётганини билдирди.
Бироқ бошқа сўровлар ҳам америкаликларнинг аксарияти президентнинг можарони ҳал этиш усулидан норози эканини кўрсатмоқда. Хусусан, Пью тадқиқот маркази маълумотларига кўра, респондентларнинг қарийб 65 фоизи Трампнинг можарони бошқаришини маъқулламайди.
Шунингдек, кўпчилик америкаликлар Эрон билан уруш яна бир неча ой ёки ҳатто бир йилдан ортиқ давом этиши мумкин, деб ҳисоблайди.
Мутахассислар фикрича, ҳарбий можаронинг давом этиши, ёқилғи нархлари ва яшаш харажатларининг ошиши ноябрь ойидаги сайловларда Республика партияси учун жиддий муаммолардан бирига айланиши мумкин.