Бугун 28 январь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Алишер Усмонов немис газетасига қарши даъвони ютиб чиқди

Алишер Усмонов немис газетасига қарши даъвони ютиб чиқди

Нашр Усмонов ўз бойлигини “Кремл манфаатлари йўлида ишлатгани” ва “Ўзбекистонда Россия ҳукуматининг норасмий вакили бўлгани” ҳақида ёзганди.

Россиялик миллиардер Германиянинг Frankfurter Allgemeine Zeitung (FAZ) газетаси устидан туҳмат бўйича очилган ишда Гамбург судида ютиб чиқди. Судялар Усмоновнинг “Коммерсант” газетаси таҳрир сиёсатига аралашгани ҳақидаги даъволарни, шунингдек, Алексей Навалний суриштирувларида келтирилган ва Усмонов илгари Россия судларида шикоят қилган тезисларни ёлғон деб топди. Бу ҳақда “РБК” тадбиркорнинг матбуот хизматига таяниб хабар берди.

Хусусан, FAZ'нинг мақоласидаги Усмонов ўз бойлигини “Кремл манфаатлари йўлида ёки унинг топшириғи билан ишлатгани”, “Россия ҳукуматининг манфаатларини Ўзбекистонда норасмий тарзда ифодалагани” ҳамда “2006 йилда Коммерсант газетасини сотиб олганидан сўнг унинг таҳрир сиёсатига аралашгани” ҳақидаги даъволар ёлғон деб топилди.

Суд қарорига кўра, нашрга миллиардер ҳақидаги “ёлғон баёнотларни” тарқатиш тақиқланди. Даъво учун асос бўлган материал FAZ томонидан 2023 йил апрел ойида чоп этилган “Кремл топшириғи билан” (Im Auftrag des Kremles) сарлавҳали мақола бўлган. Айнан шу мақоладаги баёнотларни Усмоновнинг адвокатлари туҳмат сифатида баҳолаган.

Мазкур материалда, шунингдек, Алексей Навалнийнинг аввалроқ эълон қилинган суриштирувларидаги тезислар ҳам қайта баён қилинган эди. Улардан бирида Усмонов Дмитрий Медведев билан боғлиқ тузилмаларга кўчмас мулк ҳадя қилгани, буни эвазига Медведев “Газпром” орқали Усмоновнинг бизнесини “ҳимоялаб келгани” айтилган. Иккинчи тезисда эса миллиардер 2000 йилларнинг бошида “Газпром Инвестхолдинг” активларини ўзига қарашли компания орқали сотиб олиб, “давлат мулкини ўзига сотган”и таъкидланган.

Бу даъволар 2017 йилда Усмоновнинг Москванинг Люблино туман судига даъво киритишига сабаб бўлган эди. Ўшанда суд Усмонов фойдасига қарор чиқариб, Навалнийнинг “Коррупцияга қарши кураш фонди”ни (ФБК) миллиардер ҳақидаги баёнотларни рад этишга ва суриштирув материалларини ўчиришга мажбур қилганди.

Киритилди: Бугун 17:11. Ўқилди: 429 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!