Алимент – ғараз манфаатларни ҳимоя қилиш қуроли эмас. Шу кунларда “Озодлик” радиосининг “Однокласники” ижтимоий тармоғида Тошкент туманида яшовчи бир аёлнинг эри алимент тўламаётгани ва бунга МИБ томонидан етарли чора кўрилмаётгани ҳақидаги фикрини ўқиб, ўзимни кўпдан буён ўйлантириб келаётган айрим мушоҳадаларни баён этишни лозим топдим.
Майли, аёлнинг икки фарзанди билан ота уйида оғир аҳволда қолгани, масъулиятсиз эр эса ўз мажбуриятларини сидқилдан бажармай келаётгани, МИБнинг Тошкент тумани ходимлари шикоят тушгач, дарҳол енг шимариб, муаммони ҳал қилаётгани бир масала.
Аммо мени бошқа нарса қалбимга ғашлик солади. Яхши хабарингиз бор, юртимизда йил сайин ажралишлар сони тобора ортиб бормоқда. Кўрилаётган ҳеч бир чора бу “ноҳуш тўлқин”ни камайтириш у ёқда турсин, амалдаги кўрсаткичларда барқарор сақлаб қолишнинг ҳам уддасидан чиқамаяпти. Ҳар йили 31 мингдан ошаётган ажримларнинг аксарияти кейинчалик алимент масаласида мурожаатлар қилмоқда.
Сўнгги йилларда мажбурий ижро бюроси қатор тўловларни ўндиришдан ташқари, алимент масаласи ҳам уларнинг зиммасига тушди. Аммо барча тўловлардан фарқли равишда бундай ундирувларнинг ўзига хос жиҳати борки, унда баъзан инспекторлар шахсий муносабатларни ўз фойдасига ойдинлаштиришга қарор қилган эр ва хотиннинг истаклари кесишувига учрамоқда.
Мисол учун, Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилояти бошқармасида 30462 та алимент тўловчилар бор. Уларнинг 70 фоизи алимент қарзларини ҳар ойда оғишмай-чалғимай тўлаб бораётган бўлса, 30 фоизи ўз вақтида тўламасдан, бўйин товлаб юрибди. 383 нафари эса қидирувда. 2018 йилнинг 7 ойида 2 миллиард сўмга яқин маблағлар ундирилган.
Энг ёмони, алимент сўраётганларнинг 90 фоизи суд қарори билан ҳали ажрашмаган, аммо биргаликда яшамайди ҳам. Оилани яраштириш жараёнлари кетаётган шундай мураккаб вазиятда алимент талаб қилаётган аёл гўёки унинг “талаби” эрнинг попугини пасайтириб қўйиш учун огоҳлик қўнғироғидай янграйди. Баъзида ғурурли ва оилани сақлаш нияти юрган эркакнинг эшигини э йўқ, бе йўқ МИБ ходими таққиллатиб келиб, алимент тўлаб қўйишини талаб қилса, пишиб турган ош ҳам бузилмоқда. МИБ ижрочисининг ноунғай ҳолга солаётгани ҳам шунда, билиб-билмай ўз мажбурияти бажаришга келиб, ярашиш ниятида юрган эрнинг эзгу нияти ва шаштидан қайтариб қўяётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас.
Боз устига ўзгартирилган қонунчиликка кўра эндиликда алиментни сабабсиз икки ой тўламаган ҳар қандай мардумни 15 кун қамоқ жазоси кутади. Бу ҳолат яна такрорланса, олти ой темир қафасда ўтиради. Ҳозиргача Тошкент вилоятида ўтган бир ярим ой ичида 5 нафар фуқаро 15 суткалик муддатни ўтаб чиқди. Хўш, кейин-чи?
“Аммо собиқ турмуш ўртоғим алимент тўламай келмоқда. Ҳолбуки, моддий имконияти яхши, тагида машинаси бор. Қарздорлиги фалон сўмга етса-да, ёзмаган жойим қолмади, лекин натижа йўқ” каби иддаолар билан мурод ҳосил бўлармикан?
Очиғини айтиш керак, битта фарзанд туғиб олиб ўз кўнгилхуши учун яшайдиган қизларни ҳам кўп кўраяпмиз. Ёки ажрашган турмуш ўртоғи янгидан турмуш қуриб кетса, бунга чидай олмай, қандай бўлмасин ундан уч олиш ниятида юрган “собиқ рафиқа”ларни ҳам оз бўлса-да учратаяпмиз. Алимент тўламаслик учун ҳам фарзандларни тенг бўлиб олаётган ва тирик етимларни ота ёки онасидан ажратгани етмаганидек, ака ёки укасидан ҳам айрилишига сабаб бўлаётганлар ҳам афсуски учрамоқда.
Энг қизиғи, биргина Тошкент вилоятида юздан ортиқ аёллар собиқ эрига алимент тўлаётгани ҳам ойдинлашди. Демак, болалар отаси қўлида қолган, бундай аёлларнинг аксарияти хорижга ишлаш учун чиқиб кетган. Пулни вақтида ололмаётган эр ёзғириб, ижрочига икки энлик шикоят қилса, “мажбуриятидан қочган” ожизани 15 сутка қамаб қўйишлари ҳам айримлар учун муддао бўлмоқда.
– Мурожатчи Камола Раҳматованинг Бош прокуратурага ёзган аризаси юзасидан МИБнинг Тошкент тумани бўлими тезкорлик билан ижро ишини юритди, – дейди МИБ Тошкент вилоят бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси инспектори Гулшода Қурбонова. – 2014 йил 25 мартдаги Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг ижро варақасига асосан, 2 нафар фарзандига нисбатан барча турдаги даромадларидан учдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгилаган. Натижада Рустамжон Раҳматовнинг алиментдан қарздорлиги ўтган давр мобайнида 7,2 миллиондан ошиқроқ эканлиги аниқланди. Аммо у вақти-вақти билан муайян суммани тўлаб юрган, имкони бўлмаган қисми эса 19 ой давомида йиғилиб борган. Мажбурий ижро ҳаракатлари даврида қарздордан ижтимоий шароитидан келиб чиққан ҳолда маблағлар ундириб берилмоқда. Қарздорнинг мулкий аҳволи ўрганилганда унинг биринчи эҳтиёждан ташқари бўлган мол-мулклари мавжуд эмаслиги аниқланди. Шу сабабли МИБнинг Тошкент тумани бўлими қарздорга бир нечта иш жойларини таклиф қилмоқда. Очиғини айтиш керак, ижрочилар ундиришга борганида ўз кунини кўра олмаётган ва мураккаб шароитда яшаётган кишидан алимент ундириши қийин кечади. Уни қамаб қўйиш билан эса муаммо ҳал бўлмайди. Шу сабабли уларни биринчи галда ишга жойлаштиришга кўмаклашилаяпти. Натижада ҳозир Рустам Раҳматовга ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда учта иш жойлари таклиф этилмоқда. Уни танлаш ҳуқуқи қарздорнинг ўз ихтиёрида ва тўғри қарорга келишига ишонамиз. Ўтган даврда Тошкент вилояти МИБ томонидан 1176 нафар алимент қарздорларининг бандлиги таъминланди. Бу орқали унинг моддий шароити яхшиланибгина қолмай, турли келишмовчиликка кўра бузилган оиланинг фарзандлари таъминоти йўлга қўйилади. Баъзан муқим иш ўрнига эга ва соғлом ҳаётга қайтаётган эр туфайли айрилиқдаги оилалар ярашиб кетаётганига ҳам гувоҳ бўлаяпмиз.
Дарҳақиқат, оила аталмиш қўрғон сабр-қаноат, бир-бирини тушуниш ва ўзаро меҳр-оқибат ҳислари билан мустаҳкам. Эр-хотиннинг уруши дока рўмолнинг қуриши. Баъзан бўлиб турадиган оилавий кўнгилсизликлар чуқурлашиб кетмаслиги учун оқилона ёндашувлар керак. Алимент пули аввало бола ҳаққи. Ҳаёти бузилган, аммо янги ҳаёт бошлаган томонлар бунда ўзаро келишиб олиши ва бир-бирига зиён-заҳмат етказмасдан умумий фарзандлари истиқболи учун биргаликда ҳаракат қилиши жуда муҳимдир. Чунки алимент ундириш эса оқибат билан курашиш, бироқ асло тугал ечим эмас. Токи ажрашган аёл боласини отасига қарши қайраса, ундан мудом ўч олиш кайфияти билан яшаса, эртага зурриёд қалбида бир умр нафрат ва ғазаб ҳисси улғаяди. Кейин эса отасини пичоқлаб ўлдираётган, онасига қўл кўтараётган, синглисини калтаклаётган, қайнонасини уйдан ҳайдаётган, қайнатасини икки пулга олмайдиган ёшлар қаердан кўпаяпти деб савол қўйиб юрмайлик…
Аслида энг афзали, оила мустаҳкамлигини сақлаш, аёл жуфти ҳалолини, эркак эса бир ёстиққа бош қўйган ёрини асрашидир. Давлат томонидан алиментни қатъийлик билан ва ўз вақтида тўлатиш механизмининг жорий этилиши яхшидир. Шу билан бирга бундан оилавий муносабатларда томонлар ўз ғараз ёки бир ёқлама манфаатларини ҳимоя қилишда қурол сифатида фойдаланишига йўл қўйиб бўлмайди.
Лазиз Раҳматов,
журналист
Manba: asr.uz