— Келиним Тошкент шаҳрида “прописка”да туради, ўғлим Асака туманида. Ўғлим Асака туманидаги судга давлат божини тўлаб ариза берса, Тошкентга топшириш кераклигини айтиб, рад жавобини беришибди. Ажрим учун ариза қайси судга топширилади?
Махфуза Хошимова, Мархамат тумани
Мурожаатга Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси Ғайрат ЭРГАШЕВдан жавоб олдик:
— Фуқаролик процессуал кодексининг 33-моддасига кўра, аризалар жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади.
Ушбу Кодекснинг 34-моддасига кўра, яшаш жойи номаълум бўлган жавобгарга нисбатан даъволар унинг мол-мулки турган жойдаги ёки унинг маълум бўлган сўнгги яшаган жойидаги судга тақдим этилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасида яшаш жойига эга бўлмаган жавобгарга нисбатан даъволар Ўзбекистон Республикасида унинг мол-мулки турган жойдаги ёки маълум бўлган сўнгги яшаш жойидаги судга тақдим этилиши мумкин.
Агар даъвогарнинг вояга етмаган болалари борлиги, шунингдек ногиронлиги ёки оғир касаллиги туфайли у жавобгар яшаб турган жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига боришга қийналса, никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги даъволар даъвогарнинг яшайдиган жойидаги судга тақдим этилиши мумкин.
Бедарак йўқолган деб ёхуд руҳий ҳолати бузилганлиги сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар, шунингдек уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар билан никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги даъволар даъвогарнинг хоҳишига кўра ўз яшаш жойидаги судда кўрилиши мумкин.
Юқорида қайд қилинган модда талабларидан келиб чиққан ҳолда, ўғлингиз келинингизнинг доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги даъво аризаси билан мурожаат қилиши лозим.
Агар ўғлингиз ногиронлиги ёки оғир касаллиги туфайли жавобгар, яъни келинингиз яшаб турган жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига боришга қийналса, никоҳни бекор қилиш тўғрисида ўзининг ногиронлиги ва оғир касаллиги туфайли келинингизни яшаб турган жойига бора олмаслигини тасдиқловчи далилларни даъво аризасига илова қилган ҳолда ўзининг яшайдиган жойидаги судга тақдим этиши мумкин.