Бугун 20 ноябрь, 2026 йил, жума

O'ZB

Африканинг афсонавий махлуқлари

A A A
Африканинг афсонавий махлуқлари

Бир неча асрлар мобайнида Африка европаликлар учун номаълум ва сирли қитъа бўлиб келган. Яқин кунларгача «қора» қитъада қадимий махлуқлар сақланиб қолган бўлиши мумкин деб ҳисобланилар эди, шунинг учун ҳам Африкага кўпдан-кўп илмий экспедициячилар жуда қизиққан. Қуйидаги мақолада Африкада гўё яқин кунларга қадар истиқомат қилиб келган (айрим маҳаллий қабилаларнинг гаплари бўйича ҳамон мавжуд бўлган) афсонавий махлуқлар тўғрисида маълумотлар йиғилган.

Мокеле-Мбембе

1912 йилда дунёдаги энг таниқли табиатшунос олимлардан бири Африканинг ичкарисида тарихий мавжудотлардан бири ҳамон яшаб келаётганига қаттиқ ишонган. Карл Гагенбек зоология ва ҳайвонлар билан инсонпарварларча муносабат тарафдорлиги ҳаракатининг илк пионерларидан бири бўлган. Родезияга саёҳати пайтида у шу минтақанинг инсон қадами етмас даражадаги энг узоқ ботқоқларидан бирида аллақандай ярми аждар, ярми фил шаклидаги махлуқ мавжудлиги тўғрисида бир нечта ҳикояларни эшитган.

Тахмин қилинишича, бу махлуқ мезозой ёки бор даврида яшаган динозаврлардан бири бўлиб чиқиши мумкин эмиш. Бироқ Гагенбек томонидан жўнатилган экспедиция муваффақиятсизликка учраб, ҳеч қандай янгиликсиз қайтган.

Орадан бир йил ўтиб Германия капитан Фрайхерра фон Штейна бошчилигидаги янги экспедицияни ғарбий Африка ҳамда Камерун давлатидаги ботқоқли чангалзорларини тадқиқот қилиш учун жўнатган. Экспедиция минтақанинг харитасини тузиб, ботаник намуналарни йиғиб олиши, шунинг билан бирга аниқланган ҳар қандай ҳайвонларнинг янги турини рўйхатга олиши керак эди. Аммо экспедиция Иккинчи жаҳон уруши бошланиши сабабли зудлик билан чақириб олинган. Унинг ҳисоботлари эса ном-нишонсиз йўқолиб кетган. Ниҳоят, пайти келиб улар табиатшунос Вилли Лей томонидан чоп қилинган. Лейнинг сўзларига қараганда, немислар Гагенбек айтиб ўтган махлуқни топишган. Фон Штейн уни “Мокеле-Мбембе” деб номлаган ва филдан каттароқ бу махлуқнинг думи аллигаторникидай узун, бронтозаврни эслатувчи бўйни ва калласидан чиқиб турувчи узун шохи ёки тиши бор эканлигини айтиб ўтган.

Нинки-Нанка

Нинки-нанка — ғарбий Африка фольклоридаги махлуқ. Унинг тасвирланиши турлича, бироқ кўпчилик афсоналарда бу ҳайвон судралиб юрувчи ёки аждарга ўхшаш дейилади. Афсоналарга мувофиқ, Нинки-нанка ғарбий Африканинг ботқоқликларида яшайди. Узунлиги 50 метр бўлиши мумкин. Одатда, ота-оналарнинг ёш болалари ўзбошимчалик қилишса, ота-онасига қулоқ солмай, ботқоқлик томонларга яқинлашишса, Нинки-Нанка уларни еб қўйиши мумкинлиги билан қўрқитишади. Бу махлуқ тўғрисидаги афсоналар аборигенлар томонидан ҳеч қачон ёзиб олинмаган, лекин бутун Африка бўйлаб қабиладан қабилага оғзаки равишда ўтиб келган.

Европаликлар бу махлуқ тўғрисида 1935 йилда Томас Дальримпль исмли бир врач томонидан афсоналарнинг бири ёзиб олинганидан кейин хабар топишган. Бу афсонавий махлуқ тўғрисидаги хабарларни тадқиқ қилиш учун 2006 йилнинг ёз ойларида Аномал зоология марказидан «аждар овловчилар»нинг катта гуруҳи Гамбияга йўл олган. Нинки-Нанка билан юзма-юз учрашганини таъкидлаганлардан бирининг таърифлашича, бу махлуқнинг ташқи кўриниши хитой аждарҳосига жуда ўхшар эмиш. «Даунс хотираси шарафига 2006 йил Гамбияга уюштирилган экспедиция» деб номланган бу ҳаракат оммавий ахборот воситалари томонидан салмоқли эътиборга сазовор бўлган, шу жумладан, “ВВС Online СА” саҳифасида алоҳида мақолада ёритилган. Афсуски, ушбу махлуқнинг ҳақиқатан ҳам мавжудлигини исботлаб берувчи қатъий далиллар топилмаган.

Нинки-Нанканинг мавжудлигига ишонувчиларнинг гаплари бўйича бу махлуқ жуда ҳам яширин ҳаёт кечиради ва уни кўрган одамлар орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ҳаётдан кўз юмар экан. Тахминларга қараганда, Нинки-Нанка эчкиэмарнинг шу пайтгача фанга номаълум бўлган турларидан бири бўлиши мумкин.

Марози

Марози (“танҳо арслон”) — бутун Шарқий ҳамда Марказий Африка ҳудудида ҳукмронлик қилган олачипор баҳайбат мушук. Уни кўрганларнинг айтишича, бу махлуқ оддий арслондан салгина кичикроқ. У ўзининг машҳур зотдошини эслатишига қарамай, марозининг териси бутун орқаси билан бирга ёнбошлари томонидан кулранг-жигар ранг доғлар билан қопланган.

1931 йилда Майкл Трент исмли фермер фермасидаги йирик шохли қорамолларга тинмай ҳужум қилган олачипор арслон жуфтлигини отиб ташлаган. 1933 йилда Кеннет Гандар Довер исмли тадқиқотчи ярим арслон ва ярим қоплон кўринишидаги бу ноодатий махлуқни топиш учун Кениянинг тоғларига йўл олган. Афсуски, у қуруқ қўл билан қайтган. Шунга қарамай, у янги қолдирилган бир нечта ғайриоддий изларни кўрган. Бу масала ҳанузгача очиқ қолиб келмоқда. Айримларнинг айтишича, олачипор арслон бу афсонадан ўзга нарса эмас, айримлар эса бу ҳайвонни ўз кўзлари билан кўрганини ҳамон таъкидлаб келмоқда.

Конгамато

Тадқиқотчи Френк Мелланд 1912 йилда каонде қабиласи билан маълум вақт бирга яшаш мақсадида Африка қитъасининг жанубий-марказий қисмига йўл олган. Ўша даврда маҳаллий аҳоли вакиллари унга «Конгамато» номли бир махлуқ тўғрисида гапириб берганлар. Аниқ таржима қилинганида «конгамато» сўзи «қайиқларни ағдарувчи» маъносини билдиради. Мелланд ўз китобининг бутун бир бобини шу махлуққа бағишлаган, чунки у каонде маданиятида жуда муҳим ўрин эгаллайди. Шунингдек, у каонде қабиласида кенг ёйилганида 1,5-2 метрга тенг, кўршапалакникидек қанотлари бор калтакесаксимон махлуқдан сақланиш учун махсус жодулари борлигини таъкидлаган. Гувоҳларнинг бир нечтасига Мелланд птеродактилнинг суратини кўрсатганида улар бу айнан «конгамато» эканлигини тасдиқлаган.

Эмела-Нтука

Эмела-Нтука шу қадар сирли махлуқки, уни гоҳо туёқли сутэмизувчи, гоҳо судралиб юрувчи сифатида таърифлайдилар. Аммо бир нарсаси аниқ: эмела-нтука жуда ёмон феъл ва пешонасида ягона шохга эга. Шу шох билан у филларни ҳамда бошқа йириқ ҳайвонларини бир зарбадаёқ ўлдира олади. Эмела-Нтуканинг катталиги филга тенг. Унинг бўйни атрофидаги териси тимсоҳники каби қат-қат кўринишда. Эмела-Нтука тўғрисидаги дастлабки хабарлар 1913 йилда пайдо бўлган.

Тадқиқотчи Ханс Шомбургк бу махлуқ тўғрисидаги воқеаларни Либериянинг клао қабиласи вакилларидан йиғиб олган. Эмела-Нтука ўтхўр бўлишига қарамай, ўз йўлида учраган ҳеч қандай жонзотни аямай, шафқатсизларча ўлдиради. 1981 йилда Рой Макал Мокеле-Мбембе махлуқини топиш мақсадида Конгога сафар қилганида Эмела-Нтука тўғрисида бир неча марта огоҳлантиришларни эшитган. Макал бу махлуқни тирик қолиб, ҳозирги кунга қадар етиб келган сератопс динозаври бўлиши эҳтимоли бор, деган хулосага келган.

 

Киритилди: 00:27 14.05.2018. Ўқилди: 7268 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар