Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги Янгиобод маҳалласида яшовчи Ҳусан Ҳайдаров ўз томорқасида 9 бош Африка туяқушини парваришламоқда.
Туяқушнинг тухуми ва гўшти турли хасталикларни даволашда кенг қўлланилади. Жумладан, юрак-қон томир касалликлари, қон босими ва қандли диабетни даволашда унинг гўшти жуда фойдали ҳисобланади. Патидан эса аёллар учун шарф ва бошқа кийим-кечаклар тайёрланади. Терисидан барча турдаги чарм маҳсулотлари тайёрлашда қўлланилади. Жавоҳир ва олмосни тозалашда унинг яккаю ягона тирноғидан тайёрланган кукун бебаҳо саналади. Туяқушлар март ойидан ноябрь ойигача тухум беради. Битта туяқуш мавсум давомида 80 тадан 110 тагача тухум қўяди. Полапони 45 кунда тухумдан чиқади. Касалликларга чидамли парранда фақат 6 ойгача алоҳида эътибор билан парваришланиши лозим. Шу муддатдан сўнг унча-мунча касалликка чалинмайди. То тухумга кириш арафасигача унинг жинсини ажратиб бўлмайди. Африка туяқушининг урғочиси оқ-кулранг тусда, эркаги эса оқ-қора рангда бўлади.