Афғонистон Мудофаа вазирлиги Миллий армия учун қўшимча ёллаш тўғрисида буйруқ чиқарди, деб хабар қилмоқда Ариана янгиликлар портали.
"Якшанба куни Кобул ва барча вилоятларда қуролли кучларга қўшилишни истаганлар учун рўйхатга олиш марказлари очилди. Хавфсизлик ва шахсни текшириш комиссияси томонидан тасдиқланган номзодларни қабул қилишга тайёр", дейилади мудофаа вазири Муҳаммад Яқубнинг буйруғида.
Душанба куни Афғонистон Ички ишлар вазирлиги ҳам тезкор захирадаги шахсларнинг фаол хизматга чақирилишини эълон қилди.
Вазир Сиражуддин Ҳаққонийнинг резервчиларни Ички ишлар вазирлигининг фаол сафларига ўтказиш ҳақидаги буйруғи 3 январь куни Венесуэладаги воқеалардан сўнг дарҳол чиқарилди.
Эслатиб ўтамиз, ўша куни Қўшма Штатлар Венесуэлада махсус операция ўтказиб, президент Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флоресни ўғирлаб кетган эди.
Ҳарбий мутахассисларнинг фикрича, бу қадам Афғонистон хавфсизлик кучларининг салоҳиятини сезиларли даражада мустаҳкамлаш ва ташқи тажовузни қайтаришга тайёрлигини оширишга қаратилган.
Мудофаа вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарлари томонидан чиқарилган буйруқлар Олий Раҳбар Ҳайбатуллоҳ Ахундзоданинг давлат бюджети маблағларини тежаш учун хавфсизлик кучлари шахсий таркибининг 20 фоизини, жумладан, армия, полиция ва разведка ходимларини тезкор резервга ўтказиш тўғрисидаги аввалги фармонини бекор қилади.