Бугун 22 июль, 2025 йил, сешанба

O'ZB

«Адолатжон, марҳабо хуш келибсан». Ҳикматулла қори суд залидан озод этилди

A A A
«Адолатжон, марҳабо хуш келибсан». Ҳикматулла қори суд залидан озод этилди

Судья Алимов жиноят ишини синчковлик билан ўрганиб чиққач, Юсуповга нисбатан эълон қилинган ЎзР ЖК бир қатор моддаларида назарда тутилган жиноятларни Юсупов амалга оширмаганини таъкидлади.

Судья Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси 83-моддаси 3 қисмига кўра, содир этилган жиноятга дахли бўлмаган Ҳикматулла Юсуповни айбсиз деб топди ва реабилитация этилишини маълум қилди. 

«Адолатжон, марҳабо хуш келибсан, Кел нега ғусса-ғамда тик турибсан?», дея Ҳикматулла қори ўзига берилган сўнгги сўз учун имкониятдан фойдаланди ва битган шеърини ўқиб эшиттирди. 

Ҳикматулла Юсупов шу онда озодликка чиқарилиб, унга нисбатан оқлов эълон қилинди. Қуйидаги лавҳа орқали имомнинг суд мажлисида билдирган сўнгги сўзларини томоша қилишингиз мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 1993 йилдан буён Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тасарруфидаги мадраса ва масжидларда ишлаб келган Ҳикматулла Юсупов Хоразм вилояти МХХ ходимлари тазйиқи остида мудҳиш жиноятларда айбланганди. Хоразм вилояти МХХнинг диний масалалар бўйича «куратори» Маҳмуд  Эрметов ва Ҳикматулла қори ўртасидаги зиддият, Юсуповнинг қамалиши билан якунланди. Масжид имоми вазифасида ишлаб келган Ҳикматулла қори гўёки, аёл кишига шилқимлик қилгани учун МЖтКнинг 183-моддасида (майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этгани учун 2015 йил 21 апрель куни 15 сутка, 6 май куни Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг судьяси Ҳайитбоев қарори билан яна 15 сутка қамоқ жазосини ўташга мажбур бўлган. Шундан сўнг, у Жиноят кодексида назарда тутилган оғир жиноятларни содир этганликда айбланган ва 13 йилга қамоққа «ташланди». Кейинчалик, Хоразм вилояти Ҳарбий прокуратураси 13 йиллик қамоқ жазоси ортида МХХнинг айрим  ходимлари турганини аниқлади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси эса имом иши доирасида барча суд қарорларини бекор қилинишини сўраб, Олий судга протест киритганди.

Manba: kun.uz

Киритилди: 07:46 13.09.2018. Ўқилди: 1361 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!